Бўлган воқеа: Таскин

Таниқли ёзувчи Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» асарида бир ҳолат ёзилган: бозорда уч киши бир одамни ўлар ҳолатга келгунча дўппослайди, ажабланарлиси шундаки, атрофда томоша қилиб турган юз нафардан ортиқ одам жанжалга аралашмайди, аниқроғи, аралашгиси, бошини оғритгиси келмайди.

Шу лавҳа нима учундир хаёлимга ўтириб қолган. Гоҳида атрофидаги воқеаларга лоқайд, ҳатто беписанд одамларни кўрсам, улуғ ёзувчимизнинг асаридаги воқеа хотирамга келади. Дарвоқе, буни эслаганимнинг сабаби бор.

…Комила уч яшар боласини етаклаб дўконга чиқди. Харидини қилиб бўлгач, болани етаклаб, ортга қайтди. Шу пайт у дўкондан сал нарида йиғлаб турган ёлғиз болани кўрди. Йўлакдан юзлаб одамлар ўтяпти. Бирортаси тўхтаб «Ҳой, болакай, нима бўлди?» деб сўрамайди. Тавба, одамлар шунчалик меҳрсиз бўлиб кетдими-а, ўйлади у ўзича. Эҳтимол, адашгандир…

Комила болага яқинлашди, унинг кўзлари қизариб кетган. Фақат ҳиқиллайди. Ҳатто гапиришга қийналади, қўли ҳам титрагандек бўлди.

- Ҳа, болагинам, нима бўлди сенга, биров хафа қилдими?

- Онам…

- Онанг уришдими?

- Онамни йўқотиб қўйдим.

Бола овоз чиқариб йиғлаб юборди.

- Хафа бўлма, болакай. Онани йўқотиб бўлмайди, она йўқолмайди, сен ўзинг адашган бўлсанг керак-да.

У дўкондан олган сувидан болага берди. Манзилини сўраган эди, бола тусмоллаб айта ҳам олмади, демак, адашгани рост экан. Комила ўйлаб ўтирмай, дўкон рўпарасидаги ички ишлар биноси томон юрди. Кечқурунги йўқлама бўлаётган экан шекилли, эшик олдида ёшгина ходимга дуч келди.

- Ука, мана бу бола адашганга ўхшайди. Дўкон олдида турган экан. Манзилини ҳам айта олмаяпти.

Ҳалиги ички ишлар ходими ёшлик қилдими ёки ҳазиллашмоқчи бўлдими, «Мабодо ўзингизнинг болангиз эмасми?», деди.

Комила унга биттаси ўзиники, бу бола эса адашганлигини жиддийроқ тушунтирди. Хуллас, ёш ходим билан гаплари чиқишмади. Қанақадир ариза ёзиш, расмга тушириш… У эрига телефон қилди.

- Дўкондан чиқаётсам, адашиб қолган болага кўзим тушди. Ички ишлар бўлимига олиб келгандим, бир гала ҳужжатлар сўраяпти.

- Ҳеч тинч ўтирмас экансан-да, хотин. Йўқолган боланинг тақдири сенга қоптими? Ички ишлар ходимларининг ўзи олиб келади, онасини ҳам топиб беради. Энди бир камим ички ишлар ходими билан тортишиш эди.

Комила мулзам бўлди, лекин эридан хафа бўлмади. Ахир у хотинининг тинч ўтиришини истайди-да. Аммо болани ҳам ташлаб кетолмайди. У телефонда яна нималардир деган эди, эрининг телефондаги овози янада йўғонлашди: «Бундан кейин бирор ишга оқибатини ўйлаб қўшил, хўпми. Уйга бор, гаплашамиз».

Шу пайт болакай ҳам ўзига келгандек бўлди. Комила уни уйига чорлади.

- Юр, бизникига борамиз. Мана бу акангнинг ўйинчоқлари кўп, бирга ўйнаб турасизлар. Унгача онанг ҳам келиб қолади. Ички ишлар ходими ҳам тушунар экан, «Опа, телефон рақамингизни айтиб кетинг, мабодо керак бўлиб қолар", деди…

Улар уйга келишди, бирга тамадди қилишди. Меҳмон бола ҳам сал овунгандек бўлди. Шу пайт Комиланинг телефонига қўнғироқ бўлди. Бу ўша ички ишлар ходими эди.

- Опажон, илтимос, болани олиб келинг, онасининг ўзи излаб келди. Яхшиям телефон рақамингизни олиб қўйибман.

У тезда ички ишлар масканига борди. Ўзидан сал каттароқ ёшдаги аёл бўзлаб, қалтираб турган экан. Ўғлини кўриб, ҳовлиқиб кетди. Уни қучоқлаб ўпар, қўл-оёқларини, бошини ушлаб кўрарди: «Онанг ўлсин, болам..!».

Комила бу ҳолатни кўриб, ИИБ навбатчисига қаради, йигит ундан кўзини олиб қочди. Хижолатга қўймаслик учун унга ҳам, онага ҳам гапирмади. Аммо Комиланинг юраги таскин топган эди. У шунга шукр қилди.

Озода Абдусаматова.