Болқонда нотинчлик: Сербия армияси жанговор шай ҳолга келтирилмоқда
Сербия президенти Александр Вучич мамлакат қуролли кучларини жанговор шай ҳолатга келтириш ҳақида буйруқ берди.
Бунга сабаб Косово шимолида яшовчи сербларнинг Косово ҳукуматига қарши бош кўтарганлари бўлган. Сербия зарур бўлганда Косово шимолидаги серб миллатдошларига ёрдам беришни мўлжаллаб, қўшинларини жанговор ҳолатга ўтказаяпти.
Косово махсус кучларини ўзлари яшаётган ҳудудларга киритмаслик учун мамлакат шимолида яшаётган этник серблар ўз ҳудудларида шаҳар ва қишлоқларда баррикадалар барпо этмоқдалар.
Аҳолисининг 90 фоизи этник албанлардан иборат бўлган Косовонинг шимолида, Митровица ўлкасида асосан этник серблар яшашади.
Сербия Косовони ҳам, унинг шимолий ўлкаси бўлган Митровицани ҳам ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. Аммо, БМТ назоратида бўлган Косово ўзини мустақил деб эълон қилиб бўлган. Унинг мустақиллигини дунёнинг 120 ортиқ мамлакати тан олган.
Бугунги кунда Косовони ҳам, унинг шимолидаги этник серблар яшайдиган Митровица ўлкасини ҳам БМТнинг тинчликпарвар қўшинлари назорат қилмоқда.
Косовони бошқариш ҳам ҳозирча БМТ томонидан мувофиқлаштирилаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Россия Косовонинг мустақиллигини тан олмаган.