Бошқарма бошлиғи тойлоқлик ёшлар ҳузурида

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедов Тойлоқ туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди.
Тадбирда ўқувчиларга мамлакатимизда навқирон авлод вакилларининг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етиши учун яратилаётган шароитлар, изчил олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, солиқ тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

– Учрашувда ўзимизни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдик, турли соҳалар бўйича қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, – дейди мактаб ўқувчиси Моҳинур Бурхонова. – Бундай учрашувлар келгусида касб танлашимизда, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимизда муҳим ўрин тутади.
Учрашувда мактаб ўқувчилари ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳам билдиришди. Жумладан, мактаб учун буфет фаолиятини йўлга қўйиш, спорт зали бунёд этиш, кимё ва физика лаборатория хоналарини ташкил қилиш ҳамда иситиш тизимини яхшилаш зарурлиги баён этилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги фанлар блоклари ва касб танлаш юзасидан саволлар билан мурожаат қилинди.
Тадбир якунида мактаб кутубхонасига туркум китоблар туҳфа қилинди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.