Бозорларимиз нега олов ичида қоляпти?

Сўнгги пайтларда вилоятимизда бозорлар, савдо мажмуаларида ёнғинлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар кўпайди.

Ўтган йили 24 декабрда "Ургут буюм бозори"даги 6 та дўконда ёнғин юз берди. Шу йил 5 июнь куни Нарпай туманидаги Мирбозорда содир бўлган ёнғин туфайли 20 га яқин дўконга зарар етди.

Орадан тўрт кун ўтиб, 9 июнь куни кечаси соат 03:50 атрофида Оқдарё туманидаги “Оқдарё деҳқон бозори” МЧЖдаги бир неча озиқ-овқат ва хўжалик моллари дўконларида ёнғин содир бўлди.

Самарқанд туманидаги бозор ҳамда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш уйида бўлган ёнғиндан олинган тасвирлар ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Кеча яна бир нохуш ҳолат содир бўлди. Самарқанд шаҳар «Боғисарой» МФЙ Спитамен шох кўчаси 68-уйда жойлашган «Саидабегим» оилавий корхонасига қарашли омборхона ва савдо дўконида ёнғин бўлди.

Ёнғин оқибатида омборхона ва савдо дўконининг тахминан 210 квадрат метр майдонда шифт, том қисми ва омборхона ичида пахта тойлари ёниб зарарланган. Ёнғиндан 350 квадрат метр сақлаб қолинган.

Хўш, бундай нохуш ҳолатларнинг кўпайишига нима сабаб бўляпти?

Ёнғинларнинг деярли барчасига совутиш ускуналаридаги техник носозликлар, жумладан, 90 фоизига электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлганлиги айтилмоқда. Қолаверса, ёнғин содир бўлган бино ва иншоотларда талаб қилинган фавқулодда ҳолатларда бирламчи ёнғин ўчиргичлар, сепиб ўчириш учун сув ва қум ғамланмаган ёки умуман мавжуд эмас.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати барча ёнғинлар ҳақида тезкор хабар бериб тез орада батафсил ахборот берамиз деб айтса-да, ёнғинларнинг сабаб ва оқибатларидан хабарсиз қоляпмиз. Бир неча бор ташкилот раҳбарлари билан мазкур мавзуда суҳбатлашмоқчи бўлдик, бироқ мақсадимиз амалга ошмади.

Бунга бирор бир сабаб борми ёки ёнғинлар сабаблари ҳали маълум эмасми? Умуман, бозорлар савдо мажмуаларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати вақти-вақти билан текшириб туриладими? Бу ишни ким амалга оширади?

Ҳеч ким мол-мулкини ёниб, ҳаёти хавф остида қолишини, моддий зарар кўришни истамайди ахир.

Дилмурод Тўхтаев.