Бразилия коронавирус инфекциясининг янги ўчоғига айланди

Жанубий Америка мамлакатлари орасида коронавирус инфекциясидан энг кўп жабр кўрган мамлакат Бразилия бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Женевада ўтказилган брифингда ЖССТ фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан маълум қилди.

“Жанубий Америка инфекциянинг янги ўчоғига айланди. Биз Жанубий Американинг кўплаб давлатларида касалланганлар сони кескин ошиб бораётганини кузатяпмиз. Албатта, барча мамлакатлардаги вазият бизни хавотирга қўймоқда. Бироқ Бразилиядаги вазият анча жиддий”, деди у.

РИА Новости нашри тақдим этган маълумотга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати бўйича 23 май ҳолатига Бразилия сўнгги кеча-кундузда Россиядан ўзиб кетган ва АҚШдан кейинги иккинчи ўринни банд этган. Хабарда келтирилишича, Бразилия Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалланганлар сони 330 минг нафардан ошганлиги тўғрисида хабар берган. Россияда эса касалланганлар сони 326 минг нафарга етган.