Бу йил Самарқанддаги мактабларда қанча ўқувчи таҳсил олади?
2023-2024 ўқув йилида вилоят бўйича 780 340 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Улардан 1-синфга қабул қилинган болалар 82 435 нафарни ташкил этади.
Бугун вилоят бўйича 1267 та умумий ўрта таълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 8 таси махсус мактаб интернатлари. Булардан ташқари битта Президент мактаби ҳамда 15 та Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари мавжуд.
Вилоят мактаблари 1,3 коэффицентли бўлиб, деярли барча мактабларда болалар 2 сменада таҳсил олади.
Шунингдек, вилоят мактабларида 60 004 нафар ўқитувчи меҳнат қилади. Ўқитувчиларнинг 9,5 фоизи олий тоифали, 19,9 фоизи биринчи тоифали ва 25,7 фоизи иккинчи тоифали ҳисобланади.
Ўтган ўқув йилида 45038 нафар ўқувчи 11-синфни битирган бўлса, янги ўқув йилида 82 435 нафар бола 1-синфга қабул қилинди.
Бу йил иккита мактаб янгидан қурилиши ва 32 та мактабга қўшимча ўқув биноси қуриш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда. Ушбу янги бинолар ҳисобига яна 10 200 ўқувчи ўрин яратилиши кўзда тутилган.