Чин дўст топмоқ қийин, йўқотмоқ оғир
Самарқанд журналистика мактабининг етук вакили, таниқли журналист Азиз Йўлдошев ҳаёт бўлганида бугун 70 ёшга тўларди.
А.Йўлдошев 1952 йил 16 апрелда Паст Дарғом туманида туғилди.
1974 йилда Самарқанд давлат университетини битириб, илк иш фаолиятини вилоят телерадиосида бошлади. Бу ерда турли масъул вазифаларда ишлади.
1978 йилда “Зарафшон” газетасида мусаҳҳиҳлик юкини елкасига олган ижодкор таҳририятнинг барча бўлимларида ишлади: махсус мухбир, хатлар бўлими мудири, бош муҳаррир ўринбосари бўлди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Азиз Йўлдошев газетанинг ўқишли бўлиши, оммавийлиги ва салоҳиятини оширишда камтарона меҳнати ва ижодини аямади.
Умрининг сўнгги йилларигача фельетон ва публицистик мақолалари билан газетхонлар эътиборида бўлди.
Азиз Йўлдошев 1997 йилда 45 ёшида вафот этди.
***
Айрилиқ
(Ҳамкасбимиз Азиз Йўлдошев хотирасига)
Ҳар нечук бошимиз силади замон,
Дўстлар даврасида юрибмиз омон,
Лекин юракларни ўртайди армон,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Ўзни бошқалардан кам чоғламадик,
Сизни гоҳ тушундик, гоҳ ёқламадик,
Дардингизни кўпам сўроқламадик,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Сиздек кўпга меҳр тутмоқлик қийин,
Сизнинг таърифингиз битмоқлик қийин,
Қисматнинг фаҳмига етмоқлик қийин,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Йиллар ўтаверар, дунё турмас тек,
Эъзозга лойиқ чин инсон кўпдир, лек
Ким ҳам бўла олур Азиз Йўлдошдек,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Яна баҳор келди, яна қайтадир,
Дўстлар армон билан мудом айтадир:
«Йўлда йўлдош кўпдир Азиз биттадир,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Бу кўҳна дунёнинг йўли тош чағир,
Чин дўст топмоқ қийин, йўқотмоқ оғир,
Бунда бир байт бўзлар ва қалам сағир,
Айрилиқ ғамига кўникиб бўлмас.
Рустам Қурбонов.
«Зарафшон» газетаси, 1998 йил 14 апрель.