Булунғурлик мутасаддилар пиёда юриб, туман марказидаги вазиятни ўрганди, камчиликлар бартараф этилди
16 июль куни сайтимизда “Бозорми бу ёки стоянками? Мутасаддилар бу ерларда “пешком” юрганмикан?” номли мақола эълон қилинган ва унда Булунғур тумани марказидаги кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар баён этилганди.
Мақола юзасидан Булунғур тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, мақола эълон қилинганидан сўнг туман ҳокимлиги, секторлар ва мутасадди идоралар масъулларидан иборат уч ишчи гуруҳ тузилиб, улар пиёда юриб туман марказидаги ҳолатни ўрганди.
Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғини Увайсий кўчаси ва ариқлар чиқинди ҳамда бегона ўтлардан тозаланди. Йўл четида сотилаётган тарвуз ва қовун маҳсулотлари “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудига кўчирилди. Маҳсулотлар сифати туман ветеринария лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси ва “Тоза ҳудуд” ДУК филиали томонидан Улуғбек, Самарқанд маҳаллалари, “Деҳқон бозори” ва “Буюм бозори” савдо комплекси ҳудуди чиқиндилардан тозаланиб, махсус чиқинди ташувчи машиналарда олиб кетилди. Бозорлар ҳудуди ва атрофидаги ноқонуний кўча савдоси бартараф этилди.