Булунғурлик тадбиркор “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиби бўлди

“Ташаббус” кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлик субъектлари ўртасида 24 йилдан буён ўтказилиб келинаётган ягона танлов эканлиги билан ажралиб туради.

Кўрик-танлов 5 та асосий номинациялар бўйича ўтказилади. Танловнинг республика босқичи мутлақ ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – “Chevrolet-Spark” автомашиналари билан тақдирланади.

Кеча “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Қувонарлиси, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича Самарқанд вилояти номидан қатнашган  Булунғур туманида жойлашган “Фаравон метан савдо” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Нарзиқул Холиқов танловнинг республика босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритди ҳамда кумуш медали ва 20 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Шунингдек, Нарзиқул Холиқов  “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор” номинацияси бўйича ҳам мутлақ ғолиб деб топилди.