Бургутлар қоянгга яна қайтади
Истеъдодли шоира, маҳоратли публицист Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида туғилган.
1979 йили илк шеърий китоби “Ҳаёт завқи” чоп этилган. Сўнгра “Менинг баҳорим”, "Етти оққуш", "Хизр булоғи", "Гиёҳлар билан тиллашган инсон", "Аёлга эҳтиром", "Тонгга қасам", "Гиёҳлар билан тиллашиб тоғ ошаётган одам" публицистик тўплами, "Олимлик ва одамийлик", "Ватан суврати", “Вафонинг иффат йўли”, Кибриё Қаҳҳорова ҳақида тўплам, “Қувноқ Алифбо” туркумидан “Ҳайвонот оламига саёҳат”,”Қушлар алифбоси”, “Бедор тун томчилари” шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари озарбайжон, тожик, рус, қорақалпоқ, олмон тилларига таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
1993 йил "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими" фахрий унвони, 2018 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
***
СЕНИНГ СУВРАТИНГНИ ЧИЗАМАН, ВАТАН
Ястаниб ётади улуғвор тоғлар,
Дарёлар оқади шиддатга тўлиб.
Субҳидам ғунчанинг ол яноғида
Шудринг қимтинади бир уммон бўлиб
Сенинг сувратингни чизаман, Ватан...
Булоқлар шарқираб қўшиқ айтади,
Унинг қўшиғида сенинг исминг бор.
Бургутлар қоянгга яна қайтади,
Шовуллаган дунё бунча шиддаткор.
Сенинг сувратингни чизаман, Ватан...
У қанчалар чексиз қалбим тубида,
Мен қайга боқмайин сени кўраман.
Кексалар дуоси, болам кулгуси..
Тоғларнинг кўксидан узанган йўллар,
Олтинранг япроқлар...Баҳорий дўллар,
Савоб учун кўкка очилган қўллар,
Самога сирларин айтган минорлар,
Баҳорларга ирмоқ узатган қорлар,
Кўпчиган далада чопган қулунлар,
Остонангга райҳон сепилган кунлар.
Шукуҳга тўламан, шавққа тўламан.
Шовуллаган кекса чинор пойига,
Оқарган бошимни қўяман...
Сенинг сувратингни чизаман, Ватан.
Ана, эндигина тушган келинчак,
Тонгдан йўлларингни супуриб қўяр.
Мўйсафид оталар йўлини кесмай,
Чеккада қимтиниб, индамай турар.
Дастурхонга қайноқ нонлар қўяди,
Сенинг сувратингни шундай чизади.
Дунё энтикади сени кўргали,
Самарқанд ҳар лаҳза меҳмон кутади.
Кўҳна Шош жамолин бир кўрган кимса
Яна қайтиб келиб, қўшиқ битади.
Сенинг сувратингни чизаман, Ватан.
На хуш бу ҳаволар – Ватан ҳавоси,
Кўксимни тўлдириб, оламан нафас.
Дунё пештоқида, шукур, байроғинг
Ҳилпирар яловлар ила басма бас.
Табаррук туфроғинг жонимга пайваст,
Бугун кенгликларинг хаёлда кездим,
Бетимсол жамолинг, тенгсиз сувратинг
Кечир, билар билмай ўзимча чиздим.
Онамсан, қарзингни қилолмам адо,
Боримсан, сенсиз мен тентиган шамол.
Она юртим, завол кўрма илоё,
Сен борсан, кўксимиз тўла ифтихор.
Сенинг сувратингни чизаман, Ватан!
ОРЗУ
Яшил либосларни кийдиринг менга,
Гўзал баҳорларга ўхшайин бир зум.
Ялпизлар сувига ювай сочимни,
Чучмома кўзига термулганча жим.
Мажнунтол, қўй энди ишқ савдосини,
Бир нафас, кел, сен ҳам бошингни кўтар.
Сен ҳам баҳорларга айлансанг энди
Ишқнинг жароҳати кўксингдан кетар.
Булбул, чах-чахлама, бир нафас сен ҳам,
Кел, менинг юрагим тубига қўй бош.
Шунда кўрадурсан оққан наволар
Сеҳрига булбуллар беролмас бардош.
Оппоқ гуллар ила чулғанган дарахт -
Кел, менга муҳаббат айлагин изҳор.
Менинг қўшиқларим сенга аталган,
Менинг юрагимда баҳорларим бор.
Қалдирғоч, кел, менинг қўлларимга қўн,
Қаро қошларингни силайин суюб.
Мен ҳам юксакликда қанот қоқайин
Сен каби қорақош қалдирғоч бўлиб.
Дунё ташвишини унутай бир зум,
Баҳор оғушида ором топсин жон.
Азизим баҳорим, сенга ўхшашга
Қизғанмай менга бер бир лаҳза имкон.
Шарифа Салимова.