Бухорода “Nexia” автобус билан тўқнашди, 3 киши ҳалок бўлди
Бухоро вилоятида автобус билан тўқнашган “Nexia-2” автомашинаси ҳайдовчиси ва 2 нафар йўловчи вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 2019 йил 29 ноябрь куни тахминан соат 07:00 ларда “Nexia-2” русумли автомашина ҳайдовчиси Бухоро вилояти Жондор тумани ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Қорақалпоғистон” А-380 йўлининг 305 километрида ҳаракатланиб келаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида ушбу йўналишда келаётган “Higer” русумли автобуснинг олд қисми билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Оқибатда “Nexia-2” автомашинасининг ҳайдовчиси ва 2 нафар йўловчи ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳозирда ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари ва вафот этганларнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳолатнинг тафсилотлари юзасидан қўшимча маълумот берилади.