Буюк Британияда барча чекловлар бекор қилинади
Буюк Британия ниҳоят барча коронавирус чекловларини, жумладан ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақишни бекор қилади. Бу ҳукумат режасига кўра, 19 июль кунидан бошланади.
Бош вазир Борис Жонсон эмлаш кампаниясининг қамровига умид қилмоқда: унга кўра, барча катта ёшдагилар сентябрь ойининг ўрталарига қадар тўлиқ эмланади.
"Бизнеснинг барча турлари, жумладан тунги клублар очилишига рухсат берилади, қариялар уйларига, концерт, театр, спорт тадбирларига ташриф буюрувчилар сонига қўйилган чекловлар бекор қилинади. Биз ижтимоий масофа ва ниқобни мажбурий тақишни бекор қиламиз. Албатта, ҳар ким ушбу қоидаларга риоя қилишни давом эттириши мумкин, айниқса юқумли касалликлар кўпайган ҳолларда ёки бегоналар билан яқин алоқада бўлганда, жамоат транспортидан фойдаланганда", дейди Борис Жонсон.
Кейинги пайтларда қиролликда касалланиш доимий равишда ўсиб бораётганлиги, «Дельта» штаммининг тарқалиши сабабли шифокор ва мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам «кабинет курси»ни қўллаб-қувватламайди. Бу ҳолатга қўрқув билан қараётган баъзи "қўшни"лар Буюк Британия билан алоқани тўхтатишни кўриб чиқаётгани ҳам бор гап.