Буюк бунёдкор
1220 йил кузида юз берган фалокат – Чингизхон босқини Марказий Осиёнинг кўпгина шаҳрини бутунлай вайрон қилди. Ўлкадаги шаҳарларнинг кейинги тарихий тақдири Соҳибқирон Амир Темур фаолияти билан боғлиқ.
Амир Темур фаолиятининг дастлабки йилларида Шаҳрисабзни обод қилишга эътибор берган бўлса, 1370 йилдан бошлаб Самарқандни салтанатнинг пойтахти қилиб, 35 йил давомида уни обод, фаровон қилиш билан машғул бўлди. Натижада, бу ерда илм-фан, санъат ва маданият ривожланди. Хусусан, Самарқанд ва Шаҳрисабзда бетакрор меъморчилик иншоотлари барпо қилинди, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик тараққий этди.
XIV асрнинг 60-йилларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилган. Шунинг учун ҳам Амир Темур ўз фаолиятининг дастлабки босқичида барча ҳаракатни Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга қаратди ва 1370 йил баҳорида амир Ҳусайн устидан ғалаба қилиб, мақсадига эришди. Ўша йилнинг ёзида шаҳар девори, қалъаси, сув иншоотлари тикланди, сарой ва қасрлар бино қилинди.
Амир Темур Мовароуннаҳрни мўғуллар ҳукмронлигидан озод қилган бўлса-да, ҳали мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилмаган эди. Талайгина йирик сув ва йўл иншоотлари, шаҳарлар ва кўпгина қишлоқлар вайронага айланиб ётарди.
Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Амир Темур умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлди. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» («Темур тузуклари»), деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир.
Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш шаҳрини ўз пойтахтига айлантириш ниятида унинг ободончилигига катта аҳамият берди ва бошқа иншоотлар билан бир вақтда бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар «Қуббаи ул-илм вал-адаб» унвонига эга бўлди. Оқсаройнинг ҳозирги кўриниши ҳам салобатли ва гўзалдир. Пештоқ равоғининг эни 22,5 метр, баландлиги 40 метр, умумий баландлиги 50 метрдан ошади. Пештоқ минораси ичидаги айланма зина орқали юқорига чиқилган. Айни вақтда ёдгорлик осмон остидаги музей, турли мартабали сайёҳларнинг табаррук қадамжоси ҳисобланади.
Самарқанднинг экологик шароити ва ҳарбий стратегик мақсадларга мос келиши Соҳибқиронга маъқул бўлди. Шаҳарда Исфахон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳарларининг меъмор-у бинокорлари қўли билан муҳташам саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилди. Шаҳар ташқарисида бир неча боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилди. Шулар орасида Боғи Дилкушо, Боғишамол, Гулбаданбегим, Боғи Намозгоҳ замонасининг машҳур боғи ироқларидан эди. Масалан, Боғи Дилкушо (кўнгил олувчи боғ) Амир Темур хотинларидан бири Тўқалхоним шарафига 1397 йилда қурдирган. Амир Темур Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихони ана шу боғда қабул қилган. Шунингдек, Шоҳи Зинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оға мақбараси, Ширинбека оға мақбараси ва бошқалари қурилади. Шаҳарда Бибихоним жоме масжиди, Амир Темурнинг қароргоҳи - Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтарди.
Амир Темурнинг Самарқанддаги арк қалъаси жуда кенг ҳудудни эгаллаб, унинг ичида Бўстонсарой ва Кўксарой номли ҳажми 4 ошёнлик гўзал саройлар бино этилган. Кўксаройда давлат ишлари бажарилган, Бўстонсарой эса Амир Темурнинг шоҳона оиласи ва уларнинг истиқомат қиладиган жойи бўлган.
Амир Темур шарқ ва ғарб мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор берди. У нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига, халқаро дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Ф.НЕГМАТОВ,
халқ таълими аълочиси.