Чақалоғини 4 миллион сўмга сотишга уринган опа-сингилларга суд ҳукми ўқилди
Пул, бойлик одамларни не кўйларга солмайди. Яқин-яқингача бизга номаълум бўлган “одам савдоси”, “фалончи сотилиб кетибди” каби сўзлар ёт эди. Эндиликда бу гаплар ҳеч кимни ҳайратга ҳам, даҳшатга ҳам солмай қўйди. Чунки орамизда одам савдосининг қурбонлари ё бўлмаса одам сотиб, моддийликка эришмоқчи бўлганлар учраб турибди. Аммо ўз боласини сотмоқчи бўлганларга нима дейсиз?
Зара билан Зебо (исм шарифлар ўзгартирилган) опа-сингил. Иккови ҳам ҳали турмушга чиқмаган. Бирор жойда ишламайди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.
Ноябрь ойи эди. Зара Шаҳзод исмли йигит билан танишиб қолди. Бу танишув кундан-кун қалинлашаверди. Аввалига шунчаки кўришиб, телефонлашиб юришган бўлса, бориб-бориб бу муносабатлар беҳаёлик, зиногача етиб борди. Ҳар гал йигит қизни шаҳардаги кимсасиз уйига бошлайди. Зара ҳам бу таклифни рад этмайди. Ёшлик ҳою-ҳавасларига берилиб, ор-номусни, ибо-ҳаёни унутганлар “шайтон базми”ни қуришади.
Баҳор фаслига чиқиб, Зара ўзидаги ўзгаришларни сезиб қолди. У ҳомиладор эди. Ўткинчи ҳислар қурбонига айланган қизнинг икки оёғи бир этикда қолди.
“Тезроқ бир қарорга келишим керак. Ота-онам, қариндошлар билса шарманда бўламан”, деб ўйлади қиз. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят бу гапни синглиси Зебога айтди.
Аввалига Зебо ҳам жуда асабийлашди. Опасини енгилтакликда, ишонувчанликда айблади, койиди. Лекин опасининг кўзёшларига, ўзини оқлашларига ишонди. Тўғрироғи, ишонса, ишонмаса энди бефойдалигини англади. Ғишт қолипдан кўчиб бўлган.
- Бўлар иш бўлди. Энди нима қиламиз? Уйдагилар билмасдан бирор нима қилиш керак.
- Олдириб ташла болани. Бошқа иложинг йўқ.
- Йўқ. Олдиролмайман, Кейинчалик болали бўлолмаслигим мумкин.
- Олдирмасанг ҳаммамизни шарманда қиласанда. “Енгилтак” деган тамға керак бўлса туғавер, - деди Зебо, ундай деса ҳам бундай деса ҳам кўнмаётган опасидан жаҳли чиқиб.
Ҳар не бўлганда ҳам Зара опаси, гуноҳи қанчалик оғир бўлмасин ундан кечолмайди. Ахир одам ўз бармоғини кесиб ташлолмайдику. Зебо шуларни ўйлаб ўзини овутган бўлди. Бу оғир вазиятдан шарманда бўлмай чиқиш чораларини излай бошлади.
Ниҳоят, опа-сингилга умид учқуни кўрингандай бўлди. Улар ишлаб, пул топишга бошқа вилоятга кетиш режасини тузди. Ишлашга деса ота-она ҳам йўлини тўсмайди. Бола туғилгач, ҳеч нима бўлмагандай яна уйга қайтаверади.
Аввало шаҳардан ижарага уй топишди. Кейин ота-онани “Навоий вилоятида бизбоп иш бор экан. Олти-етти ой ишлаб келамиз”, деб “ухлатди”.
Қизлар шаҳардаги ижара уйда яшай бошлади. Бир куни сайрга чиққан Зара Нуриддин исмли йигит билан танишиб қолди. Суҳбати давомида қиз бошидан ўтказганлари ҳақида гапирди. Боласи туғилгач, бирорта тирноққа зор оилага сотишини маълум қилди. Бу гапларни эшитган Нуриддиннинг эти жимирлаб кетди. Одам қандай қилиб ўз боласини сотиб юбориши мумкин. Ахир, у сотиладиган нарса ёки буюм эмас, тирик жонку. У “ҳа, сендай бемеҳр, бешафқатлар дастидан меҳрга зор, ҳаётдан аламзада, ёши улғайгани сари ташлаб кетилганини ҳис қилган, азоб чеккан кўнгиллар ким қанчадир” деб хаёлидан ўтказди. “Маза қилиб юрасиз, кўнгилни хушлаб. Бола пайдо бўлгач, ваъдабоз қочиб қолади. Қиз эса боладан қутилишнинг бир иложини қилиб, яна ҳеч нима кўрмагандек “қизбола”ликка даъво қилади. Ўткинчи ҳислар оғушида, еттинчи осмонда учиб юрганда ор-номус кўзга кўринмай, кейинчалик ибо, ҳаё, ҳали турмушга чиқмаганлиги кўриниб қолади”.
Нуриддин бу гапларни хаёлан сўзлар экан, қанчалик ғазаби қайнаб, нафрати ошмасин суҳбатдошининг гапларини индамай эшитди.
- Биласизми, мен ўн йилдан бери фарзандга зорман. Сизни менга худо йўлиқтирди. Агар рози бўлсангиз болангизни менга беринг. Қизми-ўғилми менга фарқи йўқ. Уйимдан гўдак йиғиси эшитилса бўлди. Қанча десангиз розиман, - деди Нуриддин.
- Ҳали турмушга чиқмаганман. Уйимдагилар бизни ишлаяпти деб ўйлашади. Шунинг учун уйга пул олиб боришимиз керак. 4.000.000 сўм берсангиз, туғруқхона харажатлари ҳам ичида бўлади, - деди.
Нуриддин бу суҳбатни телефонига ёзиб олди. Зара билан телефон рақамларини алмашди, бола туғилса хабар беришини айтиб кетди.
Нуриддин айбсиз гўдакнинг буюмдек сотилиб кетишига жим қараб туролмади. Орган ходимларига бориб, опа-сингиллар устидан арз қилди ва телефонидаги ёзувни илова қилди.
Шаҳарга келгандан кейин ҳам Зебо опасини бир неча марта болани олдиришини айтиб кўрди. Лекин у қароридан қайтмаган эди. Энди болага осонгина харидор ҳам топилганидан опа-сингилнинг кўнгли хотиржам. Қишлоққа “ёруғ юз” билан қайтадиган бўлди.
Заранинг ой куни яқинлашиб, ўғил фарзанд кўрди. Зебо тезда Нуриддиндан суюнчи олди. Болага “...Нуриддин ўғли” деб гувоҳнома тўғирлаб келди. Улар биргалашиб чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишди. Энди келишгандек пулни олиб, болани бериш учун бир қаҳвахонага киришди. Шу ерда опа-сингиллар норасида гўдакни пуллаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.
Суд ҳукми билан Зара ва Зебо Қосимоваларга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан ҳукм шартлига алмаштирилиб, 3 йилдан синов муддати белгиланди.
Рустам Ҳайитов журналист.