Чек бермаган тадбиркор луқмаси ҳалолми?
Оддий мисол: Оила бюджетида ортиқча маблағ бўлмаса, яшаш шароитини яхшилаш, уйни таъмирлаш, машина сотиб олиш ва бошқа ишларни бажариш жуда мушкул масала. Худди шундай, давлат бюджетида ҳам маблағ бўлмаса, маҳалла, шаҳар ободлиги, халқнинг фаровон ҳаёт кечиришига салбий таъсир кўрсатади. Хўш, бюджетга маблағ қаердан келади? Албатта, асосан солиқ тушумларидан. Президентимиз ташаббуси билан солиқ юки камайтирилиб такомиллаштирилди. Мақсад, солиқ тўлашдан қочишларни бартараф этиш ва қонуний фаолиятни амалга ошириш учун замин яратишдир.
Шунга қарамасдан, туманда ҳали ҳам ноқонуний фаолият юритаётган, тушумларни солиқ органларидан яшириб келаётган тадбиркорлар оз эмас.
Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларидан олинган маълумотларга қараганда, "Жума деҳқон бозори" ҳудудида 9 нафар фуқаро ноқонуний, ҳеч қандай ҳужжатларсиз фаолият юритаётгани аниқланган.
Якка тартибдаги тадбиркорлар Фазлиддин Муртазоев, Зулфия Пардаева, Нафиса Садинова, Собиржон Муродов, Шохруз Сафаровларнинг дўконида на касса аппарати, на терминал бор. Дўкондор Бахтиёр Бозоров эса, ҳеч қандай ҳужжатсиз гўшт маҳсулотлари савдосини йўлга қўйган. Отабек Аннаев ва Ислом Шермаматовлар эса туман давлат хизматлари марказидан берилган гувоҳнома муддатлари йил бошида тугаганлигига қарамасдан касса аппарати ва терминалсиз савдо билан шуғулланишмоқда.
Кичик Найман маҳалласи ҳудудидаги ошхона хўжайини 4-5 йилдан буён хўрандаларга хизмат кўрсатаркан. Фаолиятига доир бирорта ҳам ҳужжати йўқлигини солиқ идорасининг ҳудудга масъул ходимлари нега шу пайтгача "пайқамаган"ига ҳайронмиз.
Катта Найман, Кичик Найман, Парчақора маҳаллаларида фаолият юритаётган ўнлаб тадбиркорлар ҳам ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмасада, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар билан ноқонуний савдони амалга ошираётгани маълум бўлди. Шунингдек, миллий ширинликлар, нон, қандолатчилик маҳсулотларини тайёрлаб сотиш гувоҳномасига эга яна кўплаб тадбиркорлар эса бошқа турдаги маҳсулотларни сотиш билан ҳам шуғулланаётгани, касса аппарати, терминал йўқлиги, истеъмолчиларга харид чекини бермаётганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, туманда 106 та маҳалла бор. Ҳар қайси маҳаллада ўртача 10-15 нафардан тадбиркор худди шундай ноқонуний фаолият юритаётган бўлса, маҳаллий бюджетга миллионлаб суммадаги маблағ тушмаётгани аён бўлади.
Президентимиз шу йил 4 апрелда бўлиб ўтган видеоселекторда "Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб бўлган ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин. Қўшимча маблағлар, жумладан, "Бешта ташаббус", "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ичимлик суви", "Ҳар бир оила тадбиркор" каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, халқнинг даромадини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади", деганди.
Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақланиб қолинаётганидир. Бу эса ўз навбатида, ишсизлар сони ошиши, даромад манбаининг камлигини кўрсатиб, ўзини ўзи алдашдан бошқа нарса эмас. Бугунга келиб, айрим тадбиркорлар тугул фуқаролар ҳам чек нималигини билмай қўйишди. Бу эса, бюджет тушумининг камайишига, хуфёна иқтисодиётга йўл очди. Иқтисодиётни орқага тортадиган муаммони бартараф этиш учун туман бўйича "Харид чекини талаб қилиб олинг!" акцияси ўтказилмоқда. Бу акция орқали тадбиркор ва истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бир бора эслашса ажабмас. Чек бермаган тадбиркор лўқмаси ҳалолми? Ана шу саволни ҳар куни, ҳар бир фуқаро ўзига ва ўзгаларга бериши лозим. Зеро, ҳар бир чек бюжедга томчи. Бюджетга тушадиган маблағ эвазига бирорта мактаб ёки боғчани таъмирлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронларга кўмак бериш ёки фуқаролар ҳаётини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Отабек Эргашев.