Чемпионлар ортидаги мураббийлар

Иштихон тумани спорт мактабидан мамлакатимиз довруғини дунёга танитиб келаётган спортчилар етишиб чиқяпти.

Жумладан, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари — Нигина Ўктамова, Гулсевар Ғаниева, Санобар Бозорбоева, Мафтуна Мусурмонова, Бахтиёр Яхшибоев, Азамат Облоқулов каби номдор спортчилар жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Албатта, спортда мураббийларнинг, соҳа масъуллари ҳамда мутасаддиларнинг бевосита иштирокисиз яхши натижага эришиб бўлмайди. Бу борада туманимизда шунга яраша имконият, спортга эътибор, тажриба ва мустаҳкам мактаб мавжуд. Асосийси, соҳада ўз ишига содиқ ва фидойи инсонлар меҳнат қилмоқда.

Мисол учун туман спорт мактаби бокс спорт турига ихтисослашган бўлиб, ёшларимиз эришаётган ютуқларда бокс мураббийлар Акрам Узоқов, Хуршид Турсунов ҳамда Азим Худойқуловнинг хизматлари беқиёс. Хусусан, фахрий боксчи ва спорт устаси Акрам Узоқов туманда илк бор бокс тўгарагини ташкил этган ва 35 йилдан буён шогирд тайёрлаб келмоқда.

У фаолияти давомида ўнлаб спорт усталари, мамлакатимиз, Осиё ва жаҳон чемпионлари, халқаро турнирлар ғолибларини тайёрлаган. Бугунги кунда шогирдлари жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтараётганини кўриб фахрланамиз. Бундай ютуқлар, аввало, мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ёш авлодни қўллаб-қувватлаш сиёсати самарасидир.

Хуршид Турсунов ҳам туманда энг кўп чемпион етказиб бераётган мураббийлардан бири. Ўзбек боксчи қизлари орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нигина Ўктамова ҳамда иккинчи жаҳон чемпиони Гулсевар Ғаниеванинг мураббийи.

- Хуршид ака спортдаги асосий хислат интизом, меҳнат ва рақибни ҳурмат қилишлигини таъкидлайди, - дейди Осиё ва жаҳон чемпиони Гулсевар Ғаниева. - Мураббийимнинг саъй-ҳаракати билан ота-онам ҳам кейинги фаолиятимга умид бағишлаган. У кишинининг қўл остида терма жамоага қабул қилиндим, 2021 йилда Ўзбекистон чемпиони, Россияда бокс бўйича қизлар ўртасидаги халқаро турнир ғолиби, Дубайда ўсмир ва ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида дастлабки олтин медалга сазовор бўлдим. 2022 йилда Испанияда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби, Ўзбекистонда йилнинг энг яхши ёш спортчиси деган номга эга бўлдим. 2023 йилда Беларусь пойтахти Минск шаҳрида II МДҲ спорт ўйинларида олтин медални қўлга киритдим. Энди устозим маслаҳатларига амал қилиб, олимпиада чемпиони бўлмоқчиман.

Айни пайтда спорт мактабимизда 2300 нафардан зиёд ўғил-қизларга 54 нафар тренер-ўқитувчи спортнинг 22 тури бўйича мураббийлик қилмоқда. Спортчиларимизнинг 18 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий, 20 нафардан зиёди захира таркибига қабул қилинган.

Бугунги кунда спорт мактабимиз тасарруфида замонавий жиҳозланган ўнлаб ёпиқ ва очиқ турдаги спорт иншооатлари, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдонлари, боксчилар, таэквандочилар, курашчилар учун алоҳида спорт заллари фаолият кўрсатмоқда. Тажрибали мураббийларни янада кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни мусобақаларга тайёрлаш, чемпионлар сафини кенгайтириш жамоамиз олдида турган асосий вазифа.

Олим Саъдуллаев,
спорт мактаби директори.