Чиқиндини қайта ишлаш борасидаги қонуний асосларни такомиллаштириш, шу йўл билан тизимни ислоҳ қилиш зарур

Яроқлилик муддати тугаб йўл четига, майсазорга ёки ариқ бўйига ташлаб юборилган батареянинг атроф-муҳитга, инсон саломатлигига бир неча ўн йил давомида жиддий хавф солиб туришини биласизми?
Интернетда, оммавий ахборот воситаларида шу каби чиқиндиларнинг зарарли оқибатлари ҳақида кўп айтилган. Лекин бир-биридан хавотирли бундай хабарлардан сўнг ҳам экологияга бўлган муносабатимиз, экологик маданиятимиз ижобий томонга ўзгармаяпти. Атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш масаласи кейинги йиллардан янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, партиямиз аъзолари ва депутатлар ушб масалага жиддий эътибор қаратиш лозим деган қарорга келган. Негаки, Самарқанд шаҳридаги Хишрав қўрғони ҳудудида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилиши бир неча йиллардан буён чўзилиб келаётган экологик муаммони баттар оғирлаштирмоқда. Чунки бу ерда Франция компаниялари ҳомийлигида йирик корхона қуриш ҳақида келишувга эришилган эди. Афсуски, ҳамкорлик амалиётга кўчмаяпти, унинг самараси сезилмаяпти.
Бундан ташқари, туманларда ҳам чиқиндиларни йиғиш учун махсус майдонлар ажратилгани билан ушбу майдонларда чиқиндилар фақат кўмилади ёки ёқиб юборилади. Бу одамлар саломатлигига бепарволлик, табиат мусаффолигини сақлашдаги бурчимизга хиёнат эмасми?
Партиямизнинг таклиф этилаётган сайловолди дастурида айни шу масала, яъни чиқиндиларни қайта ишлашни саноат усулида йўлга қўлга қўйиш, борадаги ишларни жадаллаштириш масаласи белгиланган. Унда бу ишнинг ижро механизми, жавобгарлиги қонун доирасида қатъий белгилаб қўйилишини илгари сурмоқчимиз.
Негаки, бугунги қонун нормалари тизимда ижобий ўзгариш бўлишини таъминлай олмаяпти. Шу боис муаммони ҳал этиш йўллари, чора-тадбирларига чуқур масъулият билан ёндашилишини йўлга қўйиш лозим.
Ўрни келганда шуни таъкидлаш лозимки, сайловолди дастуримиз ижтимоий масалаларни кенг қамраб олаётгани билан аҳамиятли. Хусусан, “Адолат” газетасида чоп этилган “Оширилган контракт, туширилган стипендия-қанчалик адолатли?!”, “Прописка: тартиб ўзгариши керак”, “Долларга келган диплом сариқ чақага арзимаса” сарлавҳаларида берилган таклифлар жамоатчилик кўнглидаги гаплар бўлмоқда.
Муҳиба БАБАБЕКОВА,
“Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси.