“Cobalt” юк машинасига урилиб ёнди, икки киши ҳалок бўлди
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабарига кўра, 14 ноябрь куни Жиззах вилоятида тахминан соат 03:50 да 25 ёшли М.Т. “Cobalt” русумли автомашинасида “Тошкент-Термиз” М-39 автомобиль йўлининг 956-километрида 34 ёшли А.Н. бошқарувидаги “МАN TGX L200746001” русумли юк машинасига урилиб кетган.
Тўқнашув оқибатида “Cobalt” русумли автомашина ёнган. Автомобиль салонида бўлган 32 ёшли фуқаро Е.С. воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ҳодисадан 3 ёшли бола А.А. ҳам жабрланган.
Маълум бўлишича, А.А. Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган. Автомобиль ҳайдовчиси М.Т. турли тан жароҳатлари билан Пахтакор тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЎзР ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.