Дабусқалъа ва Зиёвуддин вилоятимиздаги мўътабар масканлардан ҳисобланади
Дабус қалъаси буюк Турон тарихида ўзига хос ўринни эгаллайди. Зарафшон дарёсининг соҳилида, Пахтачи тумани ҳудудида жойлашган бу қалъанинг тарихи уч минг йилга бориб тақалади.
Буюк араб тарихчиси ва географи Абулфараж Қудама ва Ибн Хурдодбеҳнинг маълумотига кўра, шаҳар эрамиздан олдинги 329-323 йиллар орасида қайтадан бунёд этилган.
Уч минг йиллик тарихга эга бўлган, Буюк Ипак йўлида жойлашган шаҳар ободонлаштирилиб, Зарафшон бўйидаги сўлим бир масканга айланган. Натижада эфталитлар даврида, яъни V-VI асрларда Дабус мамлакатнинг пойтахти бўлган ва бу қалъада турган олий ҳукмдорни дабусшоҳ деб аташган. Тарихга айланган бир неча асрлар давомида мустаҳкам қалъа ҳисобланган Дабус даҳшатли урушларга қалқон бўлиб хизмат қилган.
XVIII асрнинг охирлари ва XIX асрнинг бошларида ҳам қалъа қўрғон кўринишида сақланган. Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар 1817 йилда Дабусқалъа вилоятида бўлган. Амирнинг ташаббуси ва раҳнамолигида бу ерда ягона ёдгорлик – Имом Баҳра ота обидаси таъмирланган. Кенг чўл бағридаги Қарноб ота қишлоғида улкан аллома, табаррук зот, чўл бузурги Иброҳим шайх – Қарноб ота дафн этилган жойда даҳма тикланиб, мармартош ўрнатилади.
Савол туғилади: уч минг йиллик тарихга эга бўлган Дабусқалъадай қадимий ва муборак манзил нима сабабдан Зиёвуддин номи билан аталган?
Сўфий ҳукмдор Амир Ҳайдар давридан мазкур ҳудуд унинг фармонига асосан Дабусқалъа – Зиёвуддин шаклида қўллана бошлаган. Бу бежиз эмас. Чунки ўзи тақводор бўлган Амир Ҳайдар кишилар қалбида мусулмон дунёсига – ислом қонуниятларига муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор берган. Шунинг учун ҳам бу қадимий шаҳар сўфий подшоҳ, тақводор инсон Амир Ҳайдар томонидан "Зиёвуддин", деб аталган.
Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг муборак қўллари билан кўчирган ва бизгача етиб келган табаррук девонида ҳам Зиёвуддин сўзини шарафлаб қўллаб, улуғ ва беназир байтлар битган:
Зиё ул ҳақ ва-д-дунёу ва-д-дин,
Бериб иккинчи девонимға тазъйин.
Савод узра савод ар қилди мастур,
Вале манидадур нур ила нур.
XIX асрнинг биринчи чораги охирларида воҳа Зиёвуддин номи билан атала бошлаган. Дастлаб гоҳ Қалъаи Дабус, гоҳ Қалъаи Зиёвуддин шаклида, сал кейин биргаликда Зиёвуддин-Дабус ҳолатида қўлланган. Ўтган XIX асрнинг 30– йиллари охирларидан эса расмий ҳужжатларда воҳа Зиёвуддин номи билан юритилган. Дабусқалъанинг вайроналари ёнида Зиёвуддин бегининг қароргоҳи бўлган. Бек аркда туриб иш юритган, фуқароларни қабул қилган. Чунки Зиёвуддин вилояти Бухоро амирлигига қарашли энг катта вилоятлардан бири ҳисобланган (Ўзбекистон тарихи. 2 т. – Тошкент: – 1971 й., 94-бет).
Бухоро амирлиги қушбеги идорасида иш юритиш тартибини ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, 1733 йилдаги вақф ҳужжатида воҳа Дабус номи билан юритилган. Шунингдек, 1818 йилдаги вақф ҳужжатида ҳам Дабус номи қўлланган.
1838 йилда эса Зиёвуддин вилояти Тоткент қишлоғидаги Дуоба деган жойда Улмуҳаммад Эшмуҳаммад ўғлининг 24 таноб ерини Тоткент масжиди ҳисобига ўтказиш юзасидан расмийлаштирилган вақф ҳужжатида Зиёвуддин номи билан аталган (ЎзМДА. Ф-и323, р 1, и 1212/5).
Бундан кейинги даврда қабул қилинган ҳужжатлар ва асарларда эса Дабус ва Зиёвуддин атамалари биргаликда қўлланган. Зиёвуддин арабча сўз бўлиб, зиё ад-дин – диннинг нури деган маънони англатади.
Рус олими Н.Хаников ўзининг "Бухоро хонлигининг тавсифи" китобида Бухородаги вилоятлар тўғрисида қуйидаги маълумотни келтирган: "Хонликда асосий шаҳарлар 19 та, улар қуйидагилар:1) Бухоро, 2) Кармина, 3) Зиёвуддин, 4) Каттақўрғон, 5) Самарқанд, 6) Панжакент, 7) Хатирчи, 8) Нурота, 9) Пайшанба, 10) Челак, 11) Янгиқўрғон, 12) Жиззах, 13) Ўратепа, 14) Чоршанба-Ромитан, 15) Пойканд, 16) Қоракўл, 17) Чоржўй, 18) Қарши, 19) Fузор (Н. Хаников. Описание Бухарского ханства. – Санкт-Петербург: типография императорской академии наук, – 1843, – стр. 78 – 79).
Шарқшунос А. Вамберининг ёзишича, "Бу рустоқнинг диққатга сазовор жойларидан бири Бухоро йўналишидаги йўлнинг ғарбий қисмидаги Дабус, кейинчалик Дабусқалъадир... Эндиликда бу ерда қуйидаги туманлардан иборат вилоят мавжуд. Зиёвуддин, Мир, Хатирчи, Нурота, Янгиқўрғон шаҳарлари Карминанинг асосий жойларидан таркиб топган Миёнқолдир" (А. Вамбери. История Бухары или Трансоксании с древнейших времен до настоящего. – СПГ: – 1873 г, – стр. 28, 31).
Бухоро амирлиги ҳудудининг шарқида – чегара қисмида жойлашган Зиёвуддин беклиги ҳамиша амирликнинг эътиборида бўлган. Мамлакатда сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши бу шаҳар билан боғлиқ бўлган. "Зиёвуддин бекликнинг асосий шаҳри бўлиб, шу номдаги темирйўл бекатидан 12 чақирим масофада жойлашган. Бу Ўрта Осиё темирйўли ёқасида, хонлик ҳудудида жойлашган охирги шаҳардир. Беклик аҳолиси деҳқончилик билан шуғулланадилар ва Зарафшондан сув олувчи Бухоро суғориш тармоқлари бошланишида жойлашганликлари учун пахтани кўпроқ экадилар. Бекликда яхши отлар кўп, шунинг учун хонликнинг тўпчи қўшинларини тўлдириб турувчи асосий макон бўлиб хизмат қилган" (И. И. Гейер. Туркестан. – 1909, – стр. 207-208). Тарихий ҳужжатларда келтирилишича, маълумотлар узил-кесил хулоса чиқариш учун асос бўлади: "Қадимий тарихга эга Дабус қўрғони ҳозирги Зиёвуддин яқинида жойлашган бўлиб, ўтган асрнинг ўрталарида улар айнан бир деб ҳисобланади" (Иванов П. П. Восстание китай-кипчаков в Бухарском ханстве 1821 – 1825. Издателство АН СССР, – Москва – Ленинград: – 1937 г, – стр. 79).
Буюк Ипак йўли ёнида жойлашган Дабусқалъа кенг ҳудудга эга алоҳида бир вилоят бўлган. Мирза Баде девоннинг 1798 йилда ёзилган "Мажмуаъ ал-арқом" рисоласида қуйидаги маълумот келтирилган: "Бухоро мамлакатида шундай қонун ва одатлар белгиланган: олий даражали лавозимлар мавжуд бўлган вилоятда ислом ҳукмдори уни ҳоким қилиб тайинлайди. Ҳоким ва унинг қўшини учун маблағ ўша ҳокимнинг вилоятидан тушади. Бундай жой вилоят деб аталади".
Дабусқалъада катта қўшин сақланган ва манзилни душманлардан ҳимоя қилиш учун хизмат қилган. Қалъа душмандан сақланиш учун жуда қулай жой бўлган. Асрлар давомида шаҳар гуллаб-яшнаган, бу жаҳон тарихчиларининг асарларида ўз ифодасини топган. Аммо узоқ давом этган даҳшатли урушлар қалъанинг вайронага айланишига сабаб бўлган. Натижада хароба қалъанинг тупроқ остида қолиб кетмаслиги учун унинг ёнида иморатлар қурилган.
Жаҳонда биринчи темирйўл Англияда барпо этилган. 1825 йилда Стоктон-Дарлингтон оралиғидаги 21 километрлик темирйўл қурилган. 1837 йилда Русияда Петербург – Царское село темир йўли қуриб ишга туширилган.
Ўрта Осиёни истило қилган Русия тобе мамлакатларида ўз таъсир доирасини кенгайтириш сиёсатини амалга оширади. Чунки қарам ўлкадан бойликларни ташиб кетиш мақсади ҳам худди ана шуни тақозо қилар эди. XIX асрнинг 80-йиллари бошидан Ўрта Осиёда темирйўллар қурила бошлади. Каспийорти темирйўли 1885 йилда Ашхобод шаҳрига етказилди. 1886 йилнинг баҳорида темирйўл Чоржўй шаҳригача олиб борилди. 1886 йилнинг 18-22 апрелида чор Русияси темирйўлни Самарқандга етказиш мақсадида махсус қарор қабул қилди. Қарор юзасидан тадбир тузилиб, жойларга масъул кишилар белгиланди. Қилинган ишлар юзасидан қатъий назорат ўрнатилди. Раҳбариятнинг кўрсатмасига асосан муҳандис Ивановский Бухорода, техник Лепинский Зиёвуддинда, техник Пальмгрен Каттақўрғонда, муҳандис Толпигин Самарқанд қисмларида темирйўл қурилишига раҳбарлик қилишди. Темирйўл жойини белгилаш, тайёрлаш, ётқизиш ишларининг бажарилиши уларнинг зиммаларига юклатилди. Йўл қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилди. 1887 йилнинг 12 июнида темирйўлнинг Самарқанд қисмини қуриш юзасидан алоҳида йўриқнома белгиланиб тасдиқланди. Бухоро темирйўли Қизилтепа, Карманадан Наҳрипай каналининг чап қирғоғидаги қадимий, манзур ва машҳур Тошкўприк қишлоғи орқали ўтди. Бу ҳудуддаги темирйўл бекати Зиёвуддин вилоятининг марказидан узоқ эди. Бекат вилоят номи билан "Зиёвуддин" деб юритилди.
Биринчи поезд Зиёвуддинга 1888 йилнинг 1 апрелида, ўша йилнинг 17 апрелида Каттақўрғонга, 15 майида Самарқандга келди. Темирйўл жуда тез қурилган. Ишлар асосан қўл кучи билан бажарилган. Бир ишчига бир кунда 30-50 тийин тўланган. Тарихий ҳужжатларда ёзилишича, Каспийорти темирйўли қурилиши узунлиги 1708 чақиримдан иборат бўлган. Ҳар бир чақирим 46,6 минг сўмга, умуман, темирйўл қурилиши 79,7 миллион сўмга тушган.
1888 йилда Туркистон генерал-губернатори билан Бухоро амирлиги ўртасида битим тузилган. Бу ҳужжатга кўра, Бухоро амирлиги ҳудудида рус қишлоқларини ташкил этиш белгиланган. 1888 йил 23 июнда Чоржўй ва Янги Бухоро йўл бекатлари яқинидаги қишлоқларни бошқариш, хўжалик ва ободонлаштириш қоидалари тасдиқланган. Янги Бухорода шаҳар бошлиғи лавозими жорий этилган. Бу мансабдаги шахс зиммасига "Эски Бухоро", "Фороб", "Каттақўрғон" бекатлари ўрталаридаги темирйўл бўйидаги қишлоқларда яшовчи рус фуқароларини бошқариш вазифаси юкланган.
"Зиёвуддин" темирйўл бекати атрофлари Европа услубида ободонлаштирилган, янги бинолар қурилган. XIX асрнинг сўнгги йилларида "Зиёвуддин" темирйўли бекатида қурилган бино ва сув минораси ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, ўтмишдан ҳикоя қилувчи бу ёдгорлик XIX аср меъморчилигининг қудратини намойиш этиб турибди.
Амир Абдулаҳадхоннинг амри билан "Зиёвуддин" бекати яқинида 1894 йилда истироҳат боғи барпо этилди ва "Зиёвуддин" номи билан аталди.
1916 йилда Зиёвуддин вилояти Зиёвуддин, Хатирчи бекликларига ажратилди.
1926 йилнинг сентябрида Зиёвуддин беклиги ўрнида Нарпай тумани ташкил этилиб, Мирбозор қишлоғи марказ қилиб белгиланди.
Ҳудуддаги Дабусқалъа ёнидаги шаҳар ҳам Зиёвуддин, Тошкўприк қишлоғидаги станция – бекат ҳам Зиёвуддин номи билан юритилган.
"Ўзбекистон миллий энциклопедияси"нинг 7-жилди 24, 25-саҳифаларида ёзилганидек, 1935 йил 9 февралда Нарпай туманининг ғарбий қисмида Пахтакор номи билан янги туман ташкил этилган, маркази Зиёвуддин станцияси бўлган.
1963 йилда Пахтакор тумани тугатилиб, Нарпай тумани таркибига қўшилган.
Зиёвуддин станциясига 1972 йилда шаҳарча мақоми берилди.
1973 йил 12 апрелда Нарпай тумани таркибида Пахтачи номи билан янги туман ташкил этилган.
Исмат САНАЕВ, фалсафа фанлари доктори.