Дам олиш кунларида қандай об-ҳаво кутилади?

Ўзгидромет дам олиш кунларида кутиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Бугун Ўзбекистоннинг катта қисмида об-ҳаво асосан қуруқ ва нисбатан салқин бўлади. Фақат Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида куннинг иккинчи ярмида, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида эса кечга бориб ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

16 майда атмосфера фронти ўтиши натижасида булутлар кўпайиб, айрим жойларга момақалдироқли ёмғир ёғади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик бўлмайди.

Бу кунларда кундузги ҳарорат 20-25 даража атрофида бўлади. Бу май ўртаси учун хос бўлган меъёрдан 3-6 даражага пастдир.

17 майда мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат республиканинг жанубий ва марказий вилоятларида об-ҳаво бир оз нобарқарор бўлади. Бу ҳудудларда баъзи жойларга ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

17 май кечга бориб Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Каспий денгизи томондан навбатдаги нам ҳаво оқими киришни бошлайди. Айрим жойларга ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин.

17 майда ҳаво ҳарорати 2-3 даражага кўтарилади.