Давлат дастурининг вилоятдаги ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг Самарқанд вилоятида февраль-март ойларидаги ижроси юзасидан тегишли масъул бошқарма ва идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди.
Хусусан, масъуллар томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар юзасидан маълумотлар кенг жамоатчилик эътиборига тақдим қилинди.
- Мазкур форматда ташкил этилаётган жамоатчилик эшитувидан кўзланган мақсад кимнингдир камчилигини кўрсатиш ёки танқид қилишдан иборат эмас, - дейди “Юксалиш” уммуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. - Балки қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва лозим даражада ижро этилишини таъминлашга кўмаклашиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва ривожланиш жараёнларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
Тадбирда вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Улар ўзларини қизиқтирган саволлар билан масъулларга мурожаат қилди. Таклифлар ўртага ташланди.
Аҳамиятлиси, бу тадбирда депутатлар фаол бўлди. Улар масъуллардан Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича ўтган икки ой давомида бажарилган ишлар тўғрисида аниқ ва лўнда маълумот беришини талаб қилди.
Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси вакили томонидан берилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар эшитувчиларни қониқтирмади.
Тўлқин Сиддиқов.