Давлат музейларига соат 22:00 гача хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади
Президентнинг 27 июнь куни «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан:
➖ давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
➖заруратга кўра, давлат музейлари тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;
➖пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади;
➖ давлат музейларига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча ходимларни жалб этишга рухсат берилади.
Давлат ташкилотлари ва муассасалари ўзлари ишлаб чиқараётган янги турдаги муҳим маҳсулотлардан намуналарни давлат музейларига бепул беради.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган «Миллий меросга менинг ҳиссам!» умумхалқ акцияси ташкил этилади.
«Мозийга саёҳат» дастури доирасида, жумладан:
➖ «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат музейларига бепул киритилади;
➖ «Дафтар»ларга киритилган фуқароларнинг темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларида туриш харажатлари тўлиқ ҳажмда тегишлича «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан қопланади.