Давлат хизматчилари малака оширяптими?
Бугунги кунда барча соҳаларда турли ўзгаришлар, янги тушунча ва атамалар пайдо бўлмоқда. Шу боис ҳар бир давлат хизматчисининг муайян вақт оралиғида малака оширишини, янги билим ва кўникмаларни ўрганишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2018 йилда вилоят, шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари бўйича 426 нафар ходимлардан 6 нафари (1,4 фоизи) малака оширган, 2019 йилда 447 нафар ходимдан 49 нафари (11 фоизи), жорий йил август ойига қадар 443 нафар ходимдан 32 нафари (7,2 фоизи) малака оширган.
Умуман, 2019-2020 йилларда вилоят ҳокимлигидан 10 нафар раҳбар ходим, туман ва шаҳар ҳокимликларидан 71 нафар раҳбар ходим малака оширган. Шу даврда вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари 52 марта, ҳокимликлардаги бошқа раҳбар ходимлар 10 марта малака оширган.
Вилоятда бор-йўғи икки нафар бошқарма ходимлари Хитой Халқ Республикаси ҳамда Япония давлатида малака ошириш курсларини якунлаган. Бошқа ташкилотлар ходимлари хорижий мамлакатларда малака ошириш курсларида ўқитилмаган.
Ваҳоланки, ривожланган давлатлар тажрибаси бошқарув органларида фаолият юритаётган хизматчиларни узлуксиз ривожлантириш, рақобатга жавоб берадиган, мустақил ва тезкор қарорлар қабул қиладиган кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Масалан, Германия Федерал давлат бошқарув академияси ўқув жараёнида тингловчилар ўз назарий билимларини амалиётда олган кўникмалари билан мустаҳкамлаб боради.
Малака ошириш турлари икки хил тоифага бўлинади. Биринчиси, давлат хизматчилари ўртасида тегишли билим даражасини таъминлашга, иккинчиси, уларнинг ўзгаришга мослашишига қаратилган бўлади.
Францияда давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича 70 дан ортиқ таълим муассалари мавжуд. Уларда давлат фуқаролик хизматчиларининг фақат бошқарув соҳасида эмас, балки ўз мутахассиликлари бўйича ҳам малака ошириш имконияти бор.
Ғарбий Европа мамлакатларида Lifelong Learning - узлуксиз таълим, умр бўйи ўқиш тизими жорий этилган. Ушбу тизим малака оширишга янгича ёндашувлардан бири бўлиб, у узлуксиз янги билим ва кўникмаларни эгаллашдан иборат.
Вилоятимиздаги 9 та малака ошириш институтлари барча маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларда фаолият юритаётган хизматчиларни қамраб олиш учун етарли эмас. Бу эса бугунги ривожланган давлатлар малака ошириш институтлари таълим услубларини ўрганиш, тажрибасини қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Барно ЮЛДОШЕВА,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали инспектори.