Даврон Файзиев истеъфога чиқиш ҳақида ариза беришини айтди

Суперлиганинг навбатдаги турида “Бухоро” жамоаси футболчиларини ўз майдонида қабул қилган "Динамо"чилар ўз дарвозасидан жавобсиз учта гол ўтказиб юборишди. Тожикистонлик таниқли футболчи Муҳсин Муҳаммадиев бош мураббийлигида тўп сурган меҳмонлар футболчиларимизни ўз мухлислари кўз ўнгида мағлубиятга учратишди.

Ўйиндан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Динамо” жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди.

- Афсуски, мураббий майдонга ўзи чиқиб, гол ура олмайди, - дейди  бош мураббий. - Футболчилар берилган кўрсатмаларни бажаришлари лозим. Чемпионатнинг иккинчи даврасида ҳар ўйинда мағлубиятга учраяпмиз. Футболчиларни айблай олмайман, бундай кетма-кет мағлубиятлар учун жавобгарликни ўз бўйнимга оламан. Аммо, ишонаманки мураббийлар штаби ва жамоа ҳозирги вазиятдан чиқиб кета олади. Мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман.