Деҳқон халқ ризқини яратади: Ғалла бошоқлашни бошлади, 295 та комбайн ҳозирдан ўримга тайёр

Деҳқончиликда танаффус бўлмайди. Буни юртимиздаги карантин пайтидаги деҳқонларимизнинг меҳнатларидан ҳам кўрса бўлади. Чунки деҳқон халқ ризқини яратувчи, элнинг тўкинлигини таъминловчи ҳамдир. Шу боис ғаллакорларимиз ҳам ҳозирги шароитда ўз меҳнати билан эл дардини енгиллатиш учун ҳаракат қилишмоқда.

Жорий йилда вилоятимиздаги 4784 та фермер хўжалиги 101 минг 230 гектар майдонда ғалла парваришламоқда. Синовли кунларда ғаллакорларимизнинг эл дастурхонини тўкин қилиш учун олиб бораётган астойдил меҳнати самарасида ғалла майдонларида найчалаш фазасидан ўтиб, бошоқлаш даври бошланди.

Вилоятимизда ғалла парвариши учун 75,5 минг тоннадан ортиқ азотли ўғитлар захираси яратилиб, ҳозиргача биринчи ва иккинчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланди, майдонларни учинчи озиқлантириш ишлари давом эттирилмоқда.

“Агрокимёҳимоя” ташкилоти вилоят филиали томонидан бир йиллик ва кўп йиллик икки паллали, бир йиллик бошоқли, занг ва бошқа касалликлар, хасва ва бошқа заракунандаларга қарши жами 25 миллиард сўмдан ортиқ бўлган кимёвий воситалар захираси яратилди. Ғалланинг ўсиши ва ривожланишини жадаллаштириш мақсадида майдонларда биостимуляторлар билан баргидан озиқлантириш тадбирлари, маҳаллий ўғит жамғарган ҳолда шарбат усулида суғориш ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга, вилоятимизда ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиш учун 295 та комбайн ҳозирдан ўримга тайёр ҳолга келтирилди.

Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси ахборот хизмати.