Декабрь ойи иссиқ келиши маълум қилинди
"Ўзгидромет" хабарига кўра, декабрь ойи совуқ бўлмайди. Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳаво ҳарорати кечаси 1-6 даражагача совуқ, шимолда 8-13 даражагача совуқ ҳолатлари кузатилади. Декабрь ойи учун бу нормал ҳолат.
Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +15, +18 даражагача, жанубда +20, +22 даражагача кўтарилади.
Декабрь ойи бошланиши қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчиликсиз, қуруқ, ҳаво ҳарорати кечалари +2, +7 даража, кундузлари +13, +18 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Декабрь ойининг бундай қуруқ ва илиқ бошланиши Ўзбекистонда жуда кам учрайди.
Кейинчалик, ойнинг охиригача, "Ўзгидромет" прогнозига кўра, ҳаво ҳарорати кечалари 5-8 даража илиқдан 3-6 даража совуққача, кундузлари 15-18 даража илиқдан 2-5 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда.