Денгиз чегарасидаги можаро: Шимолий ва Жанубий Корея бир-бирига огоҳлантирувчи ўт очди

 Жанубий Корея ҳарбийлари бугун Шимолий Корея кемаси гўёки Сариқ денгизда икки давлат ўртасидаги денгиз чегарасини кесиб ўтганидан сўнг огоҳлантирувчи ўқ узганини маълум қилди, деб хабар берди “Ренхап”.

Жанубий Корея ҳарбийлари огоҳлантирувчи ўт очган, шундан сўнг КХДР кемаси шимолга чекинган.

Айни пайтда Пхеньян Жанубий Кореянинг эскорт кемаси Шимолий Корея билан денгиз чегарасини тонгги соат 3:50 да бузганини даъво қилмоқда.

Бош штабнинг исми ошкор этилмаган вакилининг Корея марказий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотига кўра, Жанубий Корея кемаси "ноаниқ кемани назорат қилиш" баҳонасида КХДР денгиз ҳарбий чегара чизиғига 2,5-5 километр масофада бостириб кирган ва огоҳлантирувчи ўқ узган.

Бунга жавобан кўп ўтмай КХДР ҳарбийлари ракета тизимидан 10 марта огоҳлантирувчи ўқ узган.

“Корея Халқ Армияси Бош штаби сўнгги кунларда қуруқликдаги фронтда нафақат овоз кучайтиргич ва снарядлар ёрдамида провокацион ҳаракатлар, балки денгиз босқинини ҳам амалга оширган душманни яна бир бор қаттиқ огоҳлантиради”, — дейилади хабарда.

Аввалроқ, 18 октябрь куни КХДР ҳарбийлари Жанубий Корея ҳарбий машғулотлари муносабати билан “қаттиқ огоҳлантириш” сифатида Кореялараро чегара яқинидаги денгиз буфер зоналарини артиллериядан ўққа тутган эди.

 

Жанубий Корея 17-28 октябрь кунлари навбатдаги ҳарбий машғулотларни бошлаган.