Депутатлар кўмагида туғма юрак-пороги бор фуқаро операция қилинди

Тойлоқ тумани Ястепа маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳ.Ҳимматова ҳудуд депутатларига ўзида туғма юрак-пороги борлиги ва уни операция қилиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган. Лекин унинг ижтимоий ҳолати оғир бўлгани сабабли операция харажатларини кўтара олмайди.
Натижада ЎзЛиДеПнинг “Бир депутат 100 аёлга кўмакчи” лойиҳаси доирасида мазкур мурожаат бўйича туман Кенгаши депутатлари Н.Мўминова ҳамда И.Ўринов Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмаси, туман халқ қабулхонаси вакиллари билан ўрганишлар олиб бориб, бемор дарҳол тегишли чоралар кўриш учун вилоят кардиология марказига юборилган.
Ўрганишлар натижасида II гуруҳ ногирони Ҳ.Ҳимматованинг операцияси учун вилоят кардиология диспансери томонидан суғурта тизими асосида 40 миллион сўмлик операция харажатлари қоплаб берилди ва мазкур кардиология марказида малакали шифокорлар томонидан операция ўтказилиб, бемор тўлиқ соғломлаштирилди.