Диққат, танлов! “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” анъанавий кўрик-танловига онлайн тарзда ижодий ишлар қабул қилиняпти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловини эълон қилади.

Танловга “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури доирасида мамлакатимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётгани, пандемия шароитида ҳам давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлар изчил давом этаётганини ҳаётий мисоллар ва илмий асосланган таҳлиллар асосида холис ва ҳаққоний ёритувчи ижодий асарлар қабул қилинади.

“Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

– ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари;

– босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари;

– оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари;

– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;

– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари;

– кино санъати асарлари.

Шунингдек, танлов доирасида Мустақиллик декларацияси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан босма ОАВ, веб-сайт, телеканал ва радиоканаллар ижодкорлари учун ҳар бир йўналиш бўйича биттадан “Энг яхши журналистик материал учун” рағбатлантирувчи номинация жорий этилмоқда.

Кўрик-танловга 2019 йилнинг 15 августидан 2020 йилнинг 15 августигача бўлган даврда расман чоп этилган адабий-бадиий асарлар, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телеканалларда эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ва кино санъати асарлари жорий йилнинг 10 сентябрига қадар қабул қилинади.

Кўрик-танлов ғолиблари 2020 йил сентябрь ойида тақдирланадилар ва уларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Коронавирус пандемияси сабабли карантин қоидаларидан келиб чиқиб, танловга юбориладиган ижодий ишлар онлайн шаклда қабул қилинади.

Иштирокчилар (муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот; паспорт нусхаси; манзил ва боғланиш телефонларини илова қилган ҳолда) ўз ижодий ишларини “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловига ҳамда “Энг яхши журналистик материал учун” номинациясига деб (номинация йўналишини) кўрсатган ҳолда қуйидаги шакл ва форматларда tanlov2020@aimc.uz электрон почтасига ёки @tanlov2020 телеграм манзилига юборишлари лозим:

– ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари pdf форматда;

– оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари ҳаволалар (ссылка) кўрсатилган ҳолда;

– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари JPG форматда;

– кино санъати асарлари AVI форматда google disk, yandex disk ёки бошқа виртуал ресурсларга юкланиб, ҳаволаси юборилади (мазкур ҳавола 30 кун давомида ишлаб туриши зарур);

– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари mp3 ҳамда AVI форматда google disk, yandex disk ёки бошқа виртуал ресурсларга юкланиб, ҳаволаси юборилади (мазкур ҳавола 30 кун давомида ишлаб туриши зарур).

Эслатма: ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари битта китобдан, кино санъати асарлари битта тўлиқ метражли киноасардан, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг материаллари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари учтадан кам бўлмаслиги лозим.

Қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 71 244-32-33 телефон рақамига мурожаат қилиниши мумкин.