Дубайда ўтказилган халқаро тадбирда самарқандлик ректорлар хорижнинг нуфузли олийгоҳлари билан меморандумлар имзолади
Яқинда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида Silk Road Universities Network (SUN) Ипак йўли университетлари тармоғига аъзо олий таълим муассасаларининг VIII Бош Ассамблеяси ўтказилди.
“Сунъий интеллект ва катта ҳажмли маълумотлар базаси даврида университетларнинг роли: муаммолар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган бу галги мажлисда тармоққа аъзо Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Самарқанд халқаро технология университети вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, Ипак йўли университетлари тармоғи ассоциацияси Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Мўғулистон, Жанубий Корея, Уммон, Греция, Португалия, Италия, Комбожа, Иордания каби давлатларнинг 80 дан ортиқ олий таъим муассасаларидан ташкил топган. Ассоциациянинг асосий мақсади асрлар давомида цивилизациялар шаклланган қадимий Ипак йўлининг тарихий аҳамиятини тиклаш, турли илмий-амалий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш орқали таълим, фан ва бошқа соҳалар ривожига ҳисса қўшиш, тармоқдаги олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, зиёлилар ўртасида тажриба ва фикр алмашишни рағбатлантириш ҳамда таълим орқали тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилишдан иборат.
Бу галги Бош Ассамблея иштирокчиларга аъзо университетларнинг ҳамкорлиги ва бирдамликдаги ривожланиш истиқболлари бўйича фикр алмашиш, таълимда инновацияларни кенг жорий этиш, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш каби имкониятларни тақдим этди.
Бош Ассамблеянинг расмий очилиш маросимидан сўнг Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов олийгоҳдаги таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида тақдимот қилди. Сўнгра тармоқ университетлари билан умумий меморандум, Қозоғистон Республикаси Ал-Фаробий Қозоқ миллий университети билан англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Дубай шаҳридаги Канада университети фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик меморандуми имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ассамблеяда Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев ўтган йил фаолият бошлаган олийгоҳ ҳақида тақдимот қилди. Ипак йўли университетлари тармоғига кирувчи олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзолади.
Тадбир доирасида профессор Ю.Абдуллаев Глобал (умумжаҳон) толерантлик ва тинчлик кенгаши президенти Аҳмед Бин Моҳамед Алжаруан билан учрашиб, ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш, тинчлик ва инсоният тараққиёти, барқарорлик манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди. Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси эса Дубайдаги Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум кутубхонаси ҳамда Канада университети кутубхонасига инглиз тилига таржима қилинган Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари ва бошқа бир қатор китобларни тақдим этди.