"Дунё Шарқ ва Ғарбга бўлинган": Давос форуми давом этмоқда
"Жаҳон иқтисодиёти инқироз ёқасида, АҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги кескинлик дунёнинг Ғарб ва Шарққа бўлинишига олиб келди. Қолаверса, инсоният пандемиядан “сабоқ олмади”, Украинадаги можаро эса ҳали охирлашдан йироқ". БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да шундай пессимистик тезислар билан чиқиш қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский ўз нутқида Ғарб ҳамкорларидан янги қурол етказиб беришни сўради. Ўз навбатида, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва АҚШ Миллий разведкаси директори Эврил Хейнс Киевни нафақат Украинага ҳамдардлик туфайли, балки дунё манфаатларидан келиб чиқиб қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Давосдаги форум душанба куни очилди ва 20 январга қадар давом этади, унинг асосий мавзуси - “Бирликсиз дунёда ҳамкорлик”. Украина тажовуз муносабати билан ўтган йилгидек, Россия вакиллари форумга таклиф этилмади.
ТАСС форумнинг асосий баёнотларини тўплади.
"Мукаммал бўрон"
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунёдаги ҳозирги вазиятни бутун ҳаётидаги энг ёмони деб атади. Иқлим ўзгариши ва геосиёсий бўлиниш 1949 йилда туғилган Бош котибни шундай баёнотига туртки бўлди. Унинг фикрича, бугунги вазият “совуқ уруш давридагидан ҳам ёмонроқ”, чунки “ҳозирда можаролар назоратдан чиқиб кетмаслиги учун механизмлар камроқ”.
Гутерришнинг фикрича, жаҳон иқтисодиёти инқироз ёқасида. “Бизнинг дунёмиз бир қатор жабҳаларда “мукаммал бўрон”га дуч келмоқда”, деди у. Ушбу глобал муаммолар орасида у "таъминот занжири узилиши ва энергия инқирози, нархлар ошиши, инфляция билан бирга фоиз ставкаларининг кўтарилиши"ни номлади. Гутерришнинг сўзларига кўра, иқтисодиёт ҳали ҳам коронавируснинг "пандемия оқибатлари таъсирини ҳис қилмоқда", унинг сўзларига кўра, дунё "соғлиқни сақлаш масаласида сабоқ олмаган" ва ҳали ҳам келажакда шунга ўхшаш муаммоларга "бутунлай тайёр эмас".
Шарқ ва Ғарбга бўлиниш
БМТ Бош котиби “ҳозирда дунё бирликдан йироқ” эканини таъкидлади. Гап "Шарқ ва Ғарбга бўлиниш" ҳақида кетмоқда. Бунга АҚШ ва Хитой ўртасидаги кўплаб мавзуларда, хусусан, "инсон ҳуқуқлари ва минтақавий хавфсизликни ҳимоя қилиш масаласида" келишмовчиликлар сабаб таъкидлади у.
Гутерриш Украинадаги можаро ҳақида гапирар экан, "жиддий музокараларни олға суриш ёки уларни олиб боришда воситачилик қилиш имкониятини кўрмаётганини" айтди.
Украинадаги можаро мавзуси кўплаб юқори мартабали форум иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Шундай қилиб, Германия канцлери Олаф Шольц Киевга ёрдам бериш ҳақидаги сўзларни яна бир бор такрорлади. Аммо Украинага Германиянинг "Leopard-2" танкларини етказиб бериш имконияти ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочди ва "бу уруш Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланишига йўл қўймаслик кераклигини" таъкидлади.
Киев учун қурол ва кафолатлар
Агар бир кун аввал Украина биринчи хоними форум иштирокчиларига алоҳида мурожаат қилган бўлса, чоршанба куни Владимир Зеленскийнинг ўзи киришиб, ЖИФ иштирокчиларига видеоалоқа орқали қўшилди.
У яна бир бор Киевнинг ғарблик ҳамкорларига сўровларини санаб ўтди: Украина расмийлари улардан танклар ва ракетага қарши мудофаа воситалари етказиб берилишини кутмоқда. “Бизга молиявий ёрдам ҳам керак”, — дея қўшимча қилди у Украина томони ўз энергетика инфратузилмасига етказилган зарар билан боғлиқ қийинчиликларга ишора қилиб.
Бундан ташқари, Зеленский яна Украинанинг НАТОга аъзолиги мавзусини кўтариб, Шимолий Атлантика альянсини кенгайтириш жараёнини тезлаштиришга чақирди: “Биз НАТО сари йўлдамиз, чунки НАТО биз учун, мамлакатимиз учун хавфсизликнинг энг яхши кафолатидир".
Ғарб манфаатлари
Ғарб давлатлари Киевни “нафақат Украинанинг ўзи учун” қўллаб-қувватламоқда. Биз буни ўз манфаатларимиз учун қиляпмиз, деди Миллий разведка директори Эврил Хейнс. Украинадаги можаро Қўшма Штатлар учун альянслар мустаҳкамлиги ҳақида ўйлаш нуқтаи назаридан таъсир қилади: "Бу қонун устуворлигини, [БМТ] низоми ва биз ўрнатган тартибни бузаётган иштирокчилар мавжуд бўлган вазиятда келажакда инқирозларни қандай бошқаришимиз нуқтаи назаридан бизга таъсир қилади. Шундай экан, менимча, Украинани қўлдан келганча қўллаб-қувватлаш барчамизнинг манфаатимизга мос”, - дейди Хейнс.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам унинг фикрига қўшилди ва “Путин Украинада ғалаба қозонмаслиги” жуда муҳим, чунки бу ўз ниятига куч ишлатиб ёки халқаро ҳуқуқни бузиш орқали эриша олишга барча авторитар режимлар учун сигнал бўлишини айтди. Бу бизни заиф қилади", деди у.