Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлди. Маҳмуд Аббос АҚШга мурожаат қилди. Қуръон тиловати мусобақасида илк бор россиялик ғалаба қозонди
🔻 Араб давлатлари раҳбарлари ва Эрон президенти шанба куни Ар-Риёдда Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида учрашди. Фавқулодда қўшма йиғилишдан мақсад Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги Ғазо секторидаги урушни зудлик билан тугатиш. Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Ар-Риёддаги саммитда нутқ сўзлаб, АҚШни Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини тўхтатиш учун ҳаракат қилишга чақирди.
🔻 Кеча Ғазонинг асосий касалхонаси Ал-Шифа зулматга ботди. Оқибатда беш нафар бемор вафот этган. ЖССТ шифохона билан алоқани йўқотган. Бир неча кундан бери шифохона атрофида Исроил армияси ва ҲАМАС жангарилари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, уч кун ичида 200 минг фаластинлик бомбалардан қутулиш учун Ғазо секторининг жанубига қочган.
🔻 Олаф Шолц дунё тартиби хавф остида, деди Бундесвер конференциясида. Германия ҳукумати кейинги ўн йил ичида ўз қуролли кучларига кўпроқ сармоя киритмоқчи.
🔻 Россиянинг Рязань области темир йўлларида портлаш содир бўлди. Оқибатда юк поездининг 19 та вагони рельсдан чиқиб кетган. Жароҳатланганлар бор.
🔻 Ироқ ғарбида жойлашган Анбар вилоятидаги Американинг Айн ал-Ассад базасига ҳужум уюштирилган. Ҳозирча етказилган зарар ва ҳужумни ким амалга оширгани ҳақида маълумот йўқ.
🔻 Москва халқаро Қуръон тиловати танловининг 21 йиллик тарихида илк бор россиялик, Қозон шаҳрида яшовчи Аёмиддин Фархудинов ғолиб бўлди.
🔻 АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг самолёти ўқув парвози вақтида Ўрта ер денгизига қулаб тушган.
🔻 Исландияда вулқон отилиши хавфи туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Октябрь охиридан бери яриморолда жами 24 мингта зилзила қайд этилган. Вулқон бир неча кун ичида отилиши тахмин қилинмоқда.