Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Ғазода гаровдагиларни алмашиш санаси эълон қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар бир кишига COVIDга қарши эмлашни тавсия қилди
🔻 Исроил ва ҲАМАС ташкилоти эртага, 23 ноябрдан бошлаб гаровга олинганларни алмашишни бошлаши мумкин.
🔻 Туркияда пенсиялар 45 фоизга ошиши кутилмоқда. Сўнгги икки ойлик инфляция маълумотлари ҳали пайдо бўлмаган бўлса-да, энг кам пенсия миқдори 9500 лирадан ошиши мумкин. Пенсияларни ошириш бўйича якуний қарор январь ойида инфляция маълумотларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
🔻 Россия Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларидан 144 миллиард рубл солиқ йиққан.
🔻 Буюк Британиядаги Шимолий-Шарқий Англия қирғоқларида мингдан ортиқ каучук шарлар оқиб келган. Маҳаллий мутахассислар уларни электр станцияси чиқиндилари деб тахмин қилишмоқда. Худди шундай шарлар у ерда қувурларни тозалаш учун ишлатилади. Улар тахминан икки йил давомида сувда қолиши билан денгиз ҳайвонлари учун хавф туғдиради.
🔻 Илон Маскнинг X Corp компанияси Ғазо можаросига алоқадор одамлардан тушган барча реклама ва обунадан тушган маблағни Исроилдаги касалхона ва анклавдаги Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятига хайрия қилмоқчилигини маълум қилди.
🔻 Дунёдаги энг йирик Binance криптовалюта биржаси асосчиси ва бош директори Чангпенг Чжао катта жанжалдан сўнг истеъфога чиқди. Биржа асосчиси АҚШ Адлия вазирлиги томонидан пул ювиш, молиявий фирибгарлик ва санкцияларни бузиш каби айбловларни тан олган.
🔻 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар бир кишига COVID-19 га қарши эмлашни тавсия қилди. Ташкилот ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб 772 011 164 та коронавирус инфекцияси қайд этилган ва 6 979 786 киши вафот этган. ЖССТ бош директори ҳалок бўлганларнинг ҳақиқий сони камида 20 миллион киши бўлиши мумкин эканини айтган. Қатор ҳудудларда касалланиш ҳамон учрамоқда.
🔻 Германия Польша чегарасидаги назорат тизимини 20 кунга узайтирди. Жорий йилда немис чегарачилари 112 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирни ҳибсга олган. Немис чегарачилари машиналарни тўхтатиб, ҳужжат ва юкларни текширишади. Октябр ойининг ўрталаридан бошлаб Чехия ва Швейцария билан чегара ўтиш пунктларида ҳам назорат жорий қилинган.
🔻 Исландия ҳамон оролнинг жануби-ғарбида катта вулқон отилишини кутмоқда. Ерида катта ёриқлар пайдо бўлган кичик порт шаҳар - Гриндавикнинг тўрт минг нафар аҳолиси 10 кун олдин эвакуация қилинган, улар энди бир-ҳафта ўн кун, балки бир ой деганда ҳам ўз уйларига қайтиши даргумон.