Дунёдаги энг қиммат валюта

Валюта қонуний тўлов воситаси бўлиб, муомалада ишлатиладиган барча банкнот ва тангаларни ўз ичига олади.

Ер юзида 65 дан ортиқ мамлакат ўз валютасини дунёдаги энг оммабоп AҚШ долларига боғлайди ёки ундан ички тўлов воситаси сифатида фойдаланади, бироқ, у энг қиммат бўлмаган пул бирлиги ҳисобланади. Шунингдек, AҚШ доллари энг кўп сотиладиган валюта ҳамдир, халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, доллар иштирокидаги операцияларнинг ўртача кунлик айланмаси 2,2 триллионга тенг.

Бу ерда 2022 йил натижаларига асосланган дунёдаги энг қиммат миллий валюталарнинг AҚШ долларига нисбатан рейтинги келтирилган.

 Уммон риали – 2,6 доллар

Уммон Султонлигининг миллий валютаси - риал 1974 йилда мамлакат Буюк Британиядан мустақилликка эришгандан сўнг муомалага киритилган.

Aрабистон ярим оролининг жануби-шарқидаги Уммон қироллиги аҳолиси 5,6 миллион киши. Давлат даромадлари нефть саноатига боғлиқ. Ҳозирда расмийлар мамлакатда туризмни ривожлантирмоқда. Яна бир йўналиш - молия сектори - Уммон классик офшор зоналар сирасига киради, чунки маҳаллий ҳокимият органлари бошқа мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва солиқ органлари билан маълумот алмашинишни истамайди.

Баҳрайн динори - 2,65 доллар

1965 йилда муомалага киритилган энг ёш валюталардан бири ҳисобланадиган Баҳрайн динори 1966-1973-йилларда Aбу-Даби амирлигида ҳам миллий валюта ҳисобланган.

Баҳрайн - Форс кўрфазидаги кичик орол-давлат. Умумий аҳоли сони бир ярим миллион кишини ташкил этади, уларнинг ярми эса чет элликлар. Мамлакат иқтисодиёти нефть даромадларига боғлиқ. Давлатда бирламчи алюминий ишлаб чиқариш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатиш ҳам муҳим роль ўйнайди. Дунёдаги кўплаб йирик молия институтлари ушбу мамлакат пойтахтида жойлашган. Баҳрайн Юқори Инсон тараққиёти индексига эга давлат ва Жаҳон банки томонидан юқори даромадли мамлакат сифатида тан олинган.

Қувайт динори: 3,29 доллар

Бу нафақат 2022 йилдаги дунёдаги энг қиммат валюта, балки энг ёш валюталардан биридир. У 1961 йилда муомалага чиқарилган ва шу давр мобайнида банкнотлар дизайни бир неча марта ўзгарди. Шуниси эътиборга лойиқки, бир Қувайт динори 1000 филсга (цент ва тийинларга ўхшаш) тенг. Ҳозирда муомалада Қувайт динорининг 2014 йилда чиқарилган олтинчи серияси юритилмоқда. Энг йирик банкнотнинг номинал қиймати 20 динор.

Қувайт валютасининг қурби бутунлай нефть даромадларига боғлиқ бўлган иқтисодиётга асосланган. Кичкина давлат ҳудудида дунёда тасдиқланган нефть захираларининг 10 фоизи бор. Углеводородлар сотувидан тушган маблағнинг бир қисми 1953 йилда ташкил этилган дунёдаги энг қадимги “Kuwait Investment Authority” Қувайт Суверен бойлик жамғармасига йўналтирилади. Бугунги кунда унинг бошқарувидаги активлар қиймати 738 миллиард долларни ташкил этади. Дунёдаги энг юқори даромадли давлатлардан бири ҳисобланадиган Қувайтнинг тўрт ярим миллион аҳолисининг аксарияти экспатлар (ишлагани келган чет элликлар). Қувайт фуқаролари юқори маош ва давлат томонидан сезиларли моддий ёрдам олиш имкониятига эга.

...Дунёда яна 197 та давлатда муомалада бўлган 180 та пул бирлиги мавжуд.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.