ДХХ Афғонистонда қолаётган болаларни яқинлари бағрига қайтарди
Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Унда тўғри йўлдан адашмаслик ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Афсуски, ёт ғоялар таъсирига тушиб, нотўғрини ҳақ, дея қабул қиладиганлар ҳам йўқ эмас.
Ана шундайлардан бири 1982 йил Андижон вилоятида туғилган Фарҳод Ҳамроқулов эди. Дастлаб у ишлаш учун Россия Федерациясига кетади. Кейинроқ турмуш ўртоғи 1984 йилда туғилган Раъно Ҳамроқулова ва 3 нафар фарзанди - 2003 йилда туғилган Бибиойша, 2005 йилда туғилган Шерзодбек ҳамда 2009 йилда туғилган Осиёхонларни ўз олдига чақириб олади. Экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган Фарҳод Ҳамроқулов 2013 йил оиласини олиб, Озарбойжон ва Эрон орқали Покистон давлатига боради. У ерда улар “Туркистон ислом ҳаракати“ халқаро террористик ташкилотига қўшилиб, бир неча йиллар мобайнида сарсон саргардонликда ҳаёт кечиришади.
Охир оқибат 2012 йилнинг август ойида Фарҳод Ҳамроқулов Покистон ҳукумати қўшинларининг террорчиларга қарши ўтказган ҳарбий амалиёти натижасида ҳалок бўлади. Унинг ўлимидан сўнг 3 нафар фарзанди билан бева қолган Раъно Ҳамроқулова 2013 йил “Туркистон ислом ҳаракати“ террористик ташкилотининг бошқа бир аъзоси билан шаръий никоҳ қуради.
2014 йилнинг кузларида эса улар Афғонистонга кўчиб ўтишади ва қизи Райёна туғилади. Аммо, 2018 йил Раъно Ҳамроқулова саргардонликда орттирган оғир хасталикдан вафот этади.
Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлар билан олиб борган саъй-ҳаракати туфайли 2018 йилнинг август ойида ота-онасиз қолган болаларнинг 2 нафари - Осиёхон ва Райёналар Ўзбекистонга олиб келиниб, бобоси ва бувиси қарамоғига топширилади.
Жорий йилнинг май ойида Раъно Ҳамроқулованинг Андижон вилоятида истиқомат қилувчи онаси Кимёхон Жакбарованинг қолган икки нафар набирасини юртимизга қайтариш борасида ёрдам сўраб Давлат хавфсизлик хизматига қилган мурожаатига асосан, куни кеча Бибиойша ва Шерзодбеклар ҳам яқин қариндошлари бағрига қайтарилди.
Энди бу болалар мамлакатимизда яшаётган тенгқурлари қатори замонавий мактабларда таълим олиб, келажакда ватан корига ярайдиган шахслар бўлиб улғаядилар, деб ёзади ЎзА.