ДХХ ва ИИБ экстремистик гуруҳ аъзоларини қўлга олди

16 июнь куни Сирдарё вилояти ички ишлар ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Интернет ижтимоий тармоқлари орқали экстремистик ва террорчилик ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб, радикал ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланиб келган яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Гуруҳ аъзолари интернетнинг «Telegram» мессенжерида виртуал канал ташкил қилиб, у орқали экстремистик ва террорчилик ташкилотларини тарғиб қилувчи аудио ва видеоматериалларни тарқатиб келган.

Тезкор тадбир натижасида мазкур жиноий гуруҳнинг Мирзаобод тумани ва Янгиер шаҳарларида яшовчи 20 нафар аъзоси қўлга олинди. Бу шахсларнинг яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.