Эчки, туя ва от сути: улар қайси касалликларда тенгсиз шифо

Халқимизда азалдан маълум бир хасталикларда юқоридаги жониворлар сутидан фойдаланиб келинади. Илгари баъзан биргина туя сутини топиш учун қайсидир туманга боришга тўғри келган бўлса, ҳозирда талабдан келиб чиқиб уни супермаркетларда ҳам топиш мумкин бўлиб қолди.

Демак, бу сутларнинг ҳар бирига тўхталиб ўтамиз:

Эчки сути организмга сигир сутига қараганда 5 баравар тезроқ сўрилади. У метеоризмдан азият чекадиган ва сигир сути аллергия чақирадиган одамлар учун айни муддао. Эчки сути танани радионуклидлардан тозалайди, аллергияга даво. Косметикада эчки сути асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар талайгина.

Эчки сути таркибида В, А, К, Е ва D дармондорилари, шунингдек минерал тузлар ва таурин каби аминокислоталар мавжуд. Улар кучли антиоксидант хусусиятга эга, юрак-қон томир ва иммунитет саломатлиги учун жуда ҳам фойдали саналади.

Туя сути 100 касалликка шифо, дейилади. Бу маҳсулот, айниқса, қандли диабет билан оғриган беморларга фойдали. Касаллик ҳали "диабет" деб номланмаган пайтларда ҳам шу касаллик аломатлари билан оғриган одамлар мунтазам туя сути истеъмол қилганларидан сўнг саломатликларида жиддий енгиллик ҳис қилишган.

Кейинчалик олимлар бу ичимлик таркибида инсулинга ўхшаш оқсилни аниқладилар. Бу оқсил ошқозонга тушиб, ҳазм жараёнида парчаланиб кетмасдан қонга сўрилади ва инсулин инъекциясининг ўрнини босади. Диабет билан оғриган беморларга бу жуда фойдали. Чунки бунда организмнинг инсулинга бўлган эҳтиёжи санчиш амаллари ва дори воситаларисиз қондирилади. Қоидага кўра, 1-тоифа диабетга чалинган одамлар ҳар куни 500 мл туя сути истеъмол қилиш билан қондаги глюкоза даражасини нормаллаштириб, қиммат ва ёқимсиз инсулин инъекцияларига бўлган кунлик эҳтиёжни камайтиришлари мумкин.
Туя сутида С витамини миқдори сигир сутига қараганда уч баравар юқори. Туя сути суякларни мустаҳкамлайди, калций етишмовчилиги, суяк касалликлари ва остеопорозда фойдали. Туя сути бир қатор жинсий муаммоларни ҳал қилиши билан ҳам қимматли.

Туя сутининг саратон ва лейкемияни даволашдаги шифобахш хусусиятлари илмий асосланган. Бағдоддаги Саратон институти тадқиқодларида туя сути таркибида танани саратон касаллигини қўзғатувчи бирикмалардан тозалайдиган фаол модда аниқланган. Туялар жуда кучли иммунитетга эга, у нафақат ташқи юқумли касаллик ташувчи ва бегона моддалардан, балки организм учун фойдали унсурларни организмнинг ўзидан ҳам ҳимоя қилар экан.

Исроиллик олимлар туя сути асосида ишлаб чиқаришган саратонга қарши дорининг лаборатория сичқонларида ўтказилган тажрибалари қон саратони(лейкемия)ни даволашда самарадорликни кўрсатган.

От сути: таркиби, озуқа моддалари ва дармондорилари

От сути таркибида озуқа моддалар миқдори жуда юқори. Уни шифобахш хусусияти юқорилигида, яъни соғилгандан уч соатдан кечиктирмасдан ичиш тавсия этилади. От сути иммунитетни мустаҳкамлайди. Таркибида организм учун шифобахш қирққа яқин биологик фаол модда ҳамда аминокислоталар, ферментлар шунингдек, А, Б1, Б2, Б6, Б12 ва С дармондорилари мавжуд. Эркакларда мижозни қувватлантирадиган ушбу маҳсулот рационга киритилиши инсон саломатлигини сезиларли даражада яхшилаб, ёшлигини узайтиришни орзу қилганларга айни муддаодир.

Ўзига хос мовийсимон тусга ва бир оз тахир таъмга эга от сутининг таркиби бошқа сутлар таркибидан фарқ қилади. Унинг таркибида сигир сутига қараганда бир ярим баравар кам лактоза ва деярли икки баравар кам протеин бор. От сутидан тайёрланган қимиз парҳезбоп, шифобахш маҳсулот. Шунингдек, қимиз вирусли гепатит ва шамоллашнинг олдини олади, қон айланиши ва ички аъзолар фаолиятини яхшилайди. Хусусан, жигарга фойдали таъсир этади.
Эмизикли оналарга таркибида спирт мавжудлиги сабабли қимиз тавсия этилмайди.

Эчки, туя, от сутининг шифобахш хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар сизни қизиқтирган бўлса, шифокорингизга учрашинг ва унинг кўрсатмаси билан истеъмол қилинг.