Эл-юрт ҳурмати илм туфайли
Ҳазрат Навоийнинг барчамизга ёд бўлиб кетган, кўп такрорлайдиганимиз шундай сатрлари бор:
Бу гулшан ичра йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилиқ била от...
Ҳақиқатан ҳам бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи, фақат яхшиликнинг умри боқий, савобли ишлар ёдда қолади, илмнинг қадри ўлмайди. Агар шу эзгуликлар илм ортидан амалга ошса, қандай яхши. Инсонни комилликка етакловчи куч ҳам, давлат ва жамият тараққиёти ҳам илм, маърифат билан. Илмсиз кишининг жоҳилга тенглаштирилиши боиси шунда бўлса керак.
Яратганга шукрки, биз яшаб турган муқаддас замин азал-азалдан маърифат маскани бўлган. Не-не улуғ алломаларга бешик бўлиб, жаҳон цивилизациясининг марказларидан бирига айланган. Аждодларимизнинг ана шу беқиёс илмий мероси тарихий манбалар, китоблар билан бирга қондан-қонга ўтиб, анъана ва қадрият даражасига кўтарилиб, бугунги кунгача етиб келган. Ва бу бой маънавий мерос билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Ҳаёт доим бир хил кечмайди. Турли даврлар, сиёсий тузумларда илм-маърфатга эътибор ҳам ўзгариб туради. Биз мустақиллик туфайли халқимизнинг шонли ўтмишини – бу тарих билан боғлиқми ёки маданият биланми, чуқурроқ, рўй-рост ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Кейинги тўрт йилда эса ана шу илмни рўёбга чиқарувчи олимлар, тадқиқотчиларга давлатнинг, давлат раҳбарининг эътибори, ғамхўрлиги аввалгилардан ўн чандон кучайди. Зиёлиларнинг меҳнати муносиб қадр топди. Ўзбекистон Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари фаолияти такомиллаштирилди, таълим тизимининг барча босқичи бугунги кун талабидан келиб чиқиб, халқаро андозаларга мослаштирилмоқда. Юртимиздаги олий таълим тарихи XIX аср охири ёки XX аср бошига эмас, XV асрга бориб тақалиши, Мирзо Улуғбек мадрасайи олияларидан бошланишига оид тарихий адолат қарор топди.
Аслида, бу саъй-ҳаракатлар, илм аҳлига эътибор юртимизнинг эртаси бўлган ёшлар келажаги, мамлакатнинг тараққиётини ўйлаб амалга оширилмоқда. Зеро, илмсиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Президентимиз фармони билан юксак давлат мукофотига сазовор бўлганимни эшитиб, ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Эллик йилдан кўпроқ вақтдан буён мумтоз адабиётимизни ўрганиш, унинг беқиёс илму зиёсидан ёшларни баҳраманд этиш учун чеккан заҳматларим бир-бир кўз олдимдан ўтди. Албатта, бу пайтда қалбимдан кечган қувонч, ҳаяжонни сўз билан ифодалаш қийин. Лекин ҳеч иккиланмай айта оламанки, бу миннатдорлик, касбимдан фахр туйғуларидир.
Муслиҳиддин Муҳиддинов,
Самарқанд давлат университети профессори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.