Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Электрикларга раҳмат ёки улар менга ўхшаркан

Жума куни тунда ўчган чироқ шанба тонгида ҳам ёнмади. Иситиш тизими тугул совуқ сув ҳам электр энергияси бўлмаса чиқмайди. Уни-ку қўшниларни пишма кранидан амалладик. Уйни иситиш муаммо.

- Хонам совиб кетди, - дея ўғлим ҳам, қизим ҳам онаси билан ўтирган уйга кириб келишди.

Хуллас, мўрини очдик, омбордан печни олиб келиб ўрнатдик. Қуруқ шох-шабба, тўрвани остида қолган кўмирни қалаб қўйдик.

Кичик ўғлимнинг хурсанд бўлиб қийқиргани завқлантириб юборди. Демак, муаммо ҳал бўлди – уйни иситса бўлади.

Электрикларга раҳмат!

Рост, чироқ ўчгани ва печь ёқишга мажбур бўлганим анча вақтдан бери режалаштириб, лекин қилмай юрган ишимни тугатишимга сабаб бўлди: ҳовлимда 20, балки 30 туп мева бор, тарвақайлаб кетган шохларини кесдим.

Чиқиндига ўхшаб турмаслиги учун уларни печкага мослаб, майдалай бошладим.

- Буларни ёқамизми, дада?

Қор ўйнаб, совқотса исиниб яна ҳовлига чиққан ўғлим, жавобимни ҳам кутмай уларни уй ичига таший бошлади.

Индаллосини айтганда, ортда қолган шанба куни ҳеч қачон нолимаслик, юзага келган ҳар қандай вазиятдан тўғри фойдаланиш бўйича яна бир “дарс” бўлди.

“Менга ўхшайдиганлар”

Гуриллаб турган печка ёнида оилавий тушлик қилишнинг гаштини ҳис қилишимга сабабчи бўлганларга самимий раҳмат айтдим.

- Дада, “дом”дагилар свет ўчиб қолса нима қилади, - сўради кичик ўғлим.

- Билмайман.

- Совуқда улар печка ўрнатолмайди-ку.

- Билмасам.

- Печка қўйсаям дарахтлари йўқ-ку, бутаб, ёқиб, уйларини иситишлари учун.

- Нима ишим бор, ўғлим, овқатингни есангчи?!

- Электриклар ҳам сизга ўхшаркан-да, дада!?

- Нега унақа дейсан?

- Уларниям бошқалар билан иши йўқ экан-ку. Бўлмаса, “дом”дагиларни “свет”ини ўчирмасди-да...

Ё.Марқаев.