Элмира Боситхонова Самарқандда нодавлат нотижорат ташкилотлар масалалари муҳокамасида иштирок этмоқда

Хабарингиз бор, Самарқандда «XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизларининг роли» мавзуида халқаро форум ўтказилмоқда. Форумнинг иккинчи кунида, бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.

- Анжуман нодавлат нотижорат ташкилотлари нуфузи ва жамиятдаги аҳамиятининг нечоғлик аҳамиятли эканини кўрсатмоқда, - деди Э.Боситхонова. - Айниқса, “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг саъй-ҳаракати билан бугун ҳудудларда ташкил этилган маҳаллий ривожланиш марказлари хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш баробарида уларни иш билан таъминлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи ННТ вакилларининг фикри ва муаммоларини эшитдик. Уларни ҳал қилишга кўмаклашамиз, албатта.

Анжуманда Жиззах, Андижон, Сурхондарё, Навоий вилоятлари нодавлат ташкилотлари вакиллари маҳаллий ривожланиш марказлари ташкил қилишда жой, касб-ҳунар ўрганувчилар учун ётоқхона каби масалаларда муаммолар борлигини таъкидлашди.

Тадбир доирасида журналистлар учун DVV International ҳамда “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази томонидан ташкил этилган танлов ғолиблари ҳам эълон қилинди.

Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Зарафшон” газетаси мухбири Гулруҳ Мўминовага насиб этди.