Ўнлаб замонавий касбларни бепул ўрганиш имконияти тақдим этилди
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишга туширилган “Ибрат фарзандлари” платформасида 22 та чет тилини бепул ўрганиш имкониятини бор. Қисқа вақт ичида республика бўйича 1 миллион, Самарқанд вилояти кесимида эса 80 минг нафарга яқин ёшлар платформадан фойдаланган. Яқинда мазкур лойиҳанинг мантиқий давоми сифатида “Ustoz AI” платформаси ишга туширилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада биринчи босқичда 250 минг нафар ёшни график дизайнер, видеомонтаж, анимация, маркетинг устаси сингари 40 та замонавий касбга ўқитиш режалаштирилган. Платформадан ижтимоий тармоқдаги ustozai.uz вебсайти орқали фойдаланиш мумкин.
Агентликнинг вилоят бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда унинг мобиль иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Ҳозир унда 40 та замонавий касб ўқитилса, иккинчи босқичда уларни 140 тага етказиш кўзда тутилган. Платформа тегишли соҳалар мутахассислари ҳамкорлигида тайёрланган видеодарслар билан бойитиб борилмоқда. Ундан энг чекка қишлоқларда яшовчи ёшлар ҳам эркин фойдаланиши мумкин.
Эътиборлиси, унда нафақат ёшлар, балки хоҳлаган фуқаро замонавий касбларни ўрганиши мумкин. Курс якунида дастурнинг ўзи имтиҳон олади ва эгалланган касб бўйича сертификат беради ва бу жараёнларнинг барчаси бепул.
Асқар БАРОТОВ.