Энг ярашиқли либос

Икки мингинчи йилларнинг бошлари эди. Самарқанд вилояти ҳокимлигида топонимик (жойларга ном қўйиш) комиссиясининг ҳисобот йиғилиши бўлди. Вилоят газетасининг мухбири сифатида иштирок этиб, ён дафтарчамга зарур маълумотларни ёзиб ўтирибман.

Ишчи гуруҳ раҳбари, профессор Иноятулла Сувонқулов Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг янги номлари ҳақида маълумот бериб, уларни шарҳлаб борарди. Регистон атрофидаги кўчалардан бирига Фаридуддин Аттор номи қўйилгани тўғрисида гапираётганда, кутилмаганда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири ўрнидан туриб гап ташлади: “Аттор деяпсизми, кўчада бўш шишаларни йиғиб, увада сўраб юрадиган атторни-я! Сақич билан шарик сотадиган аттор номини қўямизми?”...

Бу гапни эшитиб баъзилар зимдан кулди, баъзиларнинг юзида нафрат пайдо бўлди. Домла кўзойнагини қўлига олиб, арбобга маъноли тикилди ва шарҳни давом эттирди: “Машҳур форс-тожик шоири ва мутафаккири Фаридуддин Аттор 1145-1221 йилларда яшаган, “Мантиқ ут-тайр” достонини яратган. Достон қаҳрамони Шайх Санъон машҳур шайх, у Каъбада 50 йил шайхлик қилган, 400 та муриди бўлган. Тақвою тоқатига ҳатто, фаришталар ҳавас қилган. Аттор ана шундай улуғ аллома, ул зотни Навоий ҳазратлари устозим, деб эъзозлаганлар”.

Домла бундай ғайриодатий вазиятларга кўп рўбарў келгани учун бу сафар ҳам савол эгасига қараб: “Сизга мумтоз адабиётлардан бераман, ўқиб улуғ алломалар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб оласиз”, дедилар юмшоққина қилиб...

Бугун юртимизда оммавий китобхонликка алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлиб, юқоридаги воқеа тез-тез ёдимга тушаверади.  Ўшанда нуфузли олимлар – тарихчи, тилшунос ва адабиётшунослар орасида ўзининг савиясини намоён қилган арбоб гапирган гапи учун ўзини балки айбдор санамас, лекин унинг китоб ўқимаслиги, катта лавозимда ўтириб Самарқанд тарихини билмаслиги айб эди.

Китобга меҳр бизга Самарқанд давлат университетида ўқиб юрганимизда улуғ устозлардан юққандир. “Шалола” адабий тўгарагида қатнашиб, навоийшунос аллома, академик Воҳид Абдулла, профессор, бетакрор нотиқ Нуриддин Шукуровдан ҳаёт сабоғини олганимиз улкан мактаб бўлгандир. Буюклар китобга меҳрни, китоб ўқишни ўргатдилар. Воҳид Абдулланинг суҳбати, сўзини эшитсангиз, кўнгил боғингиз очиларди. Гапирганларида одамни лол этарди. Тўгарак аъзоларининг кўпчилиги бошқа факультет талабалари, биз, математик ва физиклар ижоднинг ҳаваскорлик машқларида ва бадиий адабиёт мутолаасида рейтингимиз анча баланд эди. Домла ҳаммамизга қарата “Қани, Навоийдан, Бобурдан, Машрабдан бир шингил сатрни айтинг-чи”, дерди табассум билан. Тарих факультетида ўқийдиган талаба йигит Машрабнинг атоқли санъаткорлар қўшиқ қилиб айтадиган бир-иккита шеърини айтиб берар, унинг ижодидан бошқа билмасди. Устоз ўзлари Машрабдан ўн-ўн беш дақиқа шеър ўқирдилар-да “Бу улуғ шоирни Ҳиндистонда, Покистонда, Афғонистонда яхши билишади, уни севиб ўқийдилар. Хоки ҳам Афғонистон заминида”, дея ўзлари таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган Афғонистонда ўзбек ва пуштун тилларида чоп этиладиган “Юлдуз” журналини олиб ҳаммамизга кўрсатардилар. Домла яна Навоий, Жомий, Бедил, Фирдавсий, Рудакий шеъриятидан ўқирдиларки аудиторияда стуллар етишмаганидан тик турган талабалар, 80 дан ортиқ шеърият шайдолари жим қулоқ тутардик.

Бу табаррук дарс­хонага сўз айтиш учун, талабалик йилларини қўмсаб Омон Матжон, Нормурод Нарзуллаев, Асқад Мухтордек адибу шоирлар келишарди. Бу сабоқ, бу суҳбатларга ҳам анча йиллар бўлди. Воҳид Абдуллага ўхшаган тарихнавис, шоиру нуктадон, олиму баржастани кўпдан кўролмаяпман.

Устоз алломанинг бир сўзи билан мақолага нуқта қўймоқчиман. “Билиб қўйки болам, одамга энг ярашиқли либос - одоб либосидир. Мол улашиб ҳеч кимга етказолмайсан, ширин сўзгина ҳаммага етади. Одоб либоси ҳам, ширин сўз ҳам китобнинг қатларида...”

Убай ҚОДИР,

журналист.