Эришганимиз нима-ю, вазифамиз қандай?
Ўтаётган ҳар бир кун бизни мустақилликнинг 29 йиллиги айёмига тобора яқинлаштирмоқда. Айни шундай шукуҳли дамларда ортга бир назар ташлаш, босиб ўтилган йўлимиздан асосли хулосалар чиқариш мақсадга мувофиқ.
Зеро, ҳар қанча баландпарвоз кўринмасин, мустақиллик нафақат маънавий-руҳий, балки иқтисодий томондан ҳам буюк воқелик. Чунки, айнан истиқлол туфайли табиий ресурсларимиз ва бошқа кўплаб имкониятларимизни халқимиз фаровонлиги учун сафарбар қилишга муваффақ бўлдик.
Аммо ўтган давр тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фақат ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун режа ва дастурларни, энг муҳими ҳар бир соҳадаги ислоҳотларни узоқни кўзлаб амалга ошириш талаб этилади. Хусусан, инвестиция ривожланиш, олға юриш учун йўналтирилмаса, натижа омонат бўлади.
Қолаверса, инсонни маънан ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, иқтисодий фаолликка интилишини қўллаб-қувватлаш, қобилияти ва режаларини рўёбга чиқариши учун имконият яратиш катта аҳамиятга эга. Негаки, фуқаролар ўзини иқтисодий жиҳатдан эркин ҳис этмас экан давлат ва жамият бора-бора боши берк кўчага кириб бораверади. Буни биргина яқин тарихимиз мисолида ҳам ўз тажрибамиздан ўтказдик.
Тан олиш керакки, кейинги уч-тўрт йилда ана шу муҳим масалаларда қатор ютуқларга эришилди, аниқроғи, узоқ кутилган ўзгаришлар амалга оширилди.
Биринчидан, шубҳасиз, конвертация масаласининг босқичма-босқич ҳал этилиши бўлди. Бу ҳам давлатга, ҳам фуқароларга, қўшимчасига хорижий давлатларнинг бизга муносабатига ижобий таъсир кўрсатди.
Натижада иқтисодиётга оғир юк бўлиб келган, коррупцион ҳолатларнинг ҳаддан ортиқ кучайиб кетишига олиб келган икки-уч хил ўлчовлардан қутулдик. “Расмий курс”, “кўча курси”, деган, қолоқ давлатлардагина учрайдиган тушунчалардан узоқлашдик.
Иккинчидан, республика бўйича нақд пул муомиласи изга туширилди. Рости шуки, бу халқимизни қийнаб келган, иш ҳақи ёки нафақасидан бошқа даромади бўлмаган аҳоли қатламининг қадрини ерга урган даҳшатли муаммо эди. Банк пластик картасига нафақаси тушган ёлғиз одам уни нақдлаштириш учун дўконма-дўкон сарсон юрарди. Нақдлаштириш фоизлари 10, 15, ҳатто ундан ҳам юқори бўларди.
Бу “фоиз”лар иқтисодиётда ҳам ёмон асоратлар қолдириб келаётганди.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида молиявий муносабатларни эркин амалга ошириш учун банкоматлар ўрнатилмоқда, картадаги маблағни нақдлаштириш муаммосига барҳам берилди.
Умуман олганда, молиявий муносабатлардаги чекловлар, ҳар хил сунъий тўсиқлар бирма-бир олиб ташланмоқда. Тўғри, кредит маблағларини онлайн олиш, электрон харидлар ва бошқа молиявий муносабатларни юмшатиш бўйича ҳали олдинда вазифалар кўп. Шу боис, тўхтаб қолишга, хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ.
Муҳими, иқтисодий эркинлик натижасида фуқароларимиз турли соҳаларда янги имкониятларни қидириб топишга, ўз лойиҳаларини амалга оширишга, катта-катта қўшимча қиймат яратишга қодир бўляпти. Шу боис, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган, аниқ режалар тузилган. Мустақиллик байрамимизнинг қутлуғ 30 йиллик санасини нишонлаётганимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, фуқаролар учун қулай муҳит яратиш борасидаги ютуқларимиз янада кўпроқ бўлади, деб ишонаман.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.