Эркин Комилов: Онам йигирма икки фарзандни дунёга келтирган, мен ўн тўққизинчисиман

Ўзбекистон халқ артисти, актёр Эркин Комилов билан "Ватанпарвар" газетасининг ижодкорлари суҳбат уюштирди. Дилкаш, образли, ибратли сўзлар, шеър ва ҳикматларга бой суҳбат нафақат бизнинг, балки сиз азиз ўқувчиларнинг ҳам ёдидан чиқмаса керак, деб ёзмоқда нашр.

"Ҳар бир нарса бежизга эмас, ҳикмати бўлади. Шунинг учун мен, аввало, нима учун армиядан қолганимни айтиб берай сизларга, – деди Эркин ака самимият билан. – 1968 йил сочимни олдириб, қопга нарсаларимни солиб театрга келдим. Мени бу аҳволда кўриб, устозим Шукур Бурхонов:

- Сочингга нима қилди? – деди.

- Армияга олиб кетишаяпти, шунга хайрлашгани келдим, – дедим.

- Ия, Ҳоқон нима бўлади? – деди Шукур ака. Ўша пайтда “Шох Эдип” да Ҳоқон ролини ижро этаётгандим.

- Буёққа юр-чи, – дея директоримиз Шайҳонтоҳур тумани военкоматининг олдига бориб, “Бу болани армиядан олиб қолиш керак, 3 йил армияга кетса, иш нима бўлади?” – дея армиядан олиб қолди. У пайтларда  армиядан қолиш ҳазилакам иш эмасди. Ўша даврларда йигитлар Украина, Белоруссия, Германия каби ўлкаларда хизмат қилиб йигитлик кучининг қаймоғини бегона юртларга сарфлашарди.

Мустақиллик бизга нима учун, ким учун хизмат қилиш кераклигини англатди. Яқинда воҳа томонлардаги ҳарбий қисмларда хизмат сафарида бўлдим. Кўрдим, танишдим. Курортга ўхшайди шароитлари. Дунёмиз нотинч, лекин шукрки юртимиз тинч. Юрт ҳимоячилари бор экан, биз хотиржам ухлаяпмиз. Аскарнинг ота-онаси ҳам безовта эмас. Ўз юртини қўриқлаётган ўғлидан кўнгли тўқ. Илгари армияга кузатиш, худдики урушга кузатишдек бўларди. Оналар йиғлаган, “Илоҳим, эсон-омон бориб келгин!” дейишарди.

Юртбошимиз бугун замон қаҳрамонларининг сиймосини яратинг, деб айтяпти. Драматургларимиз бундай қаҳрамонларни нафақат кончилар орасидан, пахтакорлардан, балки осойишталигимизни асраб турган, чегарада тонг орттираётган, постда туриб, ҳар бир нарсадан, кимсадан огоҳ бўлган посбонлар орасидан излаши керак. Яқинда Бухородаги ҳарбий қисмга Ёдгор Саъдиев билан бордик. Янгидан барпо этилган ҳарбий қисм, ундаги қулайликларни кўриб, завқимиз ошди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўзларига қарасангиз, бирортасида ғам йўқ, нигоҳлари кулиб турибди. Байрамда улар шеър айтишди, бирга рақсга тушдик. Бу нимадан далолат? Бу юртимизнинг осойишталигидан, фаровонлигидандир. Мирзо Улуғбекнинг бир гапи бор: “Замонамиз ғоят нотинч, бизга лозим забардастлик, бирлик ва идрок. Бу фурсатда оломонга ғалаён солиб, бизга қарши қўзғотганлар замонамиз ёвузлари, мунофиқлари, риёкорлари…” дейди. Ён-атрофимиздаги ҳодисаларни кўриб, мамлакатимизнинг тинчлигига шукр қиламан. Қаранг, Европада музқаймоқ тайёрлаш учун миллиардлаб маблағ сарфланаяпти. Африкада эса болалар очликдан вафот этяпти. Энг кучли олимлар сўнгги русумли қурол ишлаб чиқариш учун бош қотиряпти. Бугун уруш кўрмаган юртлар саноқли. Ватанимизда одамлар болаларини етаклаб боғчага боряпти, ёшларимиз энтикиб Бахт уйларига ошиқаяпти. Ҳеч кимда қўрқув йўқ, кўчаларимизда танклар, ўқ овози йўқ. Ҳозирги болаларимиз биз кўрган ҳақоратларни, камситишларни кўрмаган.

Онам 22 та фарзандни дунёга келтирган, мен ўн тўққизинчисиман. Ҳамма болалари қизамиқдан, тепкидан ўлавергач, отам исмимни аввал Тангриберди, кейин эса полвон бола, эркин бўлиб ўссин, дея Эркин қўйишган экан. Урушдан кейинги қаҳатчиликни, очликни, андуҳни биз кўрганмиз. Болалигимда битта сиёҳдонимиз бўларди, синглимнинг мактабдан келишини кутиб ўтирардим. Сиёҳдонни олиб, кейин мактабга кетардим. Одамлар дастурхонга 2 та туршак, бир ҳовуч майиз билан бир бурда зоғора нонни қўйиб, меҳмонни кутиб олаверарди. Оқибат яхши эди-да, у пайтлар. Ҳозир дастурхонимизда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, тўкин, лекин айримлар борган жойидан, “палон нарсани қўймапти” деб чиқиб кетишяпти. Бу ношукурлик эмасми, қизим?

Эй, одамзод фарёди,

Яхшиликнинг бунёди.

Замон – Тангрини оти,

Замонни ёмонлама! – дейди шоир.

Бу дунё яралганига тўрт ярим миллиард йил бўлибди. Ҳеч ким топган дунёсини у ёққа олиб кетмади. Оллоҳнинг “Бандаларим, бир-бирига яхшилик қилса, мурувват қўлларини чўзса, қиёмат кунигача ётган ерларини нур билан обод қиламан!” деган ваъдаси бор. Шуни унутмайлик илоҳим.

Тилагим, юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз саломат бўлсин. Ватанни кўз қорачиғидек асраётган ўғлонларимизнинг шахти-шижоатига кўз тегмасин!"