Эркинжон Турдимов: Етимларга уй-жой ажратишда адолат бўлсин!
Дунёдаги барча мамлакатларда бўлгани каби, тақдир тақозасига кўра, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаси бизда ҳам бор. Тўғри, давлатимиз етимларга доимо ғамхўрлик кўратади: болалар боғчаси, мактаб, лицейларда, олий ўқув юртларида, ҳатто ишга жойлашишда ҳам уларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар, моддий кўмаклар белгиланган.
Лекин етимларни уй-жой билан таъминлаш масаласида ўз мулоҳазаларимни ўртага ташламоқчиман. Илгарилари бу муаммо йўқ эди. Чунки касбга эга етим болалар ишга жойлашгач, ўша корхона томонидан ёки давлат ҳисобидаги уй билан таъминланарди. Бу тажриба ҳозир ҳам кўп давлатларда бор. Хусусий бўлмаса-да, улар бу хонадонда умрининг охиригача яшаш ҳуқуқига эга.
Очиғи, кейинги 10-15 йил ичида бизда бу муаммонинг ижтимоий сабаби ва оқибатлари етарлича ўраганилмади. Шикоят қилган етимларгагина эски ётоқхоналардан бошпана берилиб, масалага ечим топилди. Уларни доимий, даромадли ишга қўйиш билан ҳеч қайси ташкилот шуғулланмади. Ҳатто, жиноят қилиб, қамалиб чиққанларидан кейин ҳам бундайларни йирик шифохоналарга ўт ёқувчи, юк ташувчи сифатида расмийлаштириб қутулишди. Натижада, уларнинг кўпчилиги Меҳрибонлик уйи ёки коллежни битиргач, кимгадир эргашиб хорижга ишга кетди. Афсуски, хорижда ҳам уларнинг ёнида жонкуяр, яқин кишиси йўқ. Бу ерда эса улар ҳақида бирор ташкилотдан сўралмади.
Меҳрибонлик уйи битирувчилари доимо эътиборга муҳтож бўлади. Мен Сурхондарёда ишлаганимда жамоатчилик эътиборини уларга қаратишга интилдим. Ҳомийлар ёки улар ишлаётган ташкилотлар ёрдамида айримлари уй билан таъминланди. Бироқ кўп ўтмай улар уйларини сотиб, чет элга пул ишлашга кетиб қолди.
Худди шу аҳвол Самарқандда ҳам такрорланди. Чунки масъул идоранинг бўлмаслиги оқибатида масаланинг увол-савоби ҳокимликлар гарданида қолди. Натижада, ҳар бир шикоят, албатта мурожаатчи фойдасига ҳал қилиниши шарт, деган талаб қўйилгач, айрим етимлар етимлигини ҳам унутиб қўйди. Баъзи нопок шахслар етимларни “асраб олиш” баҳонасида манфаат кўриш пайига тушдилар.
Хўш, бизда бу ҳолатдан чиқишнинг қандай йўллари бор?
Биринчидан, ҳозирги қонунчиликда Меҳрибонлик уйи битирувчиларига бюджетдан ташқари жамғармалардан уй-жой қуриб бориш амалиёти мавжуд. Бу маъқул йўл эмас. Негаки, иқтисодий қийинчилик даврида бу жамғармаларда етарли маблағ тўпланмаслиги аён. Қолаверса, бу ишни ҳамма туман ҳам эплай олмайди. Бу ишга бюджетдан маблағ ажратиш амалиётига ўтиш зарур.
Иккинчидан, етимлар учун арзон ёки текин уйлар қуришни режалаштириш керак. Бунда ҳар йили Меҳрибонлик уйи битирувчилари сони ҳисобга олинсин. Ота-онасидан бахтсиз тасодиф туфайли ажралиб қолганлар рўйхатга тегишли асос билан киритилсин. Шунга қараб бюджетдан адолатли тарзда маблағ ажратилсин.
Учинчидан, етимларга 10-15 йил давомида бошқа шахсга сотмаслик, расмийлаштирмаслик шарти билан уй ажратилиши керак. Ундан кўра, агар оиласи кўпайса, кейинчалик каттароқ уй билан алмаштириш йўлини қидирайлик. Бинобарин, бундай шахсларга уй-жой қуришда шу объектда уларнинг ўзини расмий равишда ишга жалб этиш ҳам маъқул йўл.
Тўртинчидан, етимларга уй-жой беришда уларнинг навбати онлайн тарзда бўлиши, қаердан, қанча хонали уй қурилиши олдиндан эълон қилиниши зарур, токи тақсимот адолатли эканини уларнинг ҳар бири ва жамоатчилик билиб борсин.