Ерни "қутқариш" мумкин
Ўтган йили ўзим ишлатмагандим, ҳосил ололмадим. Наҳотки ерлар "нашаванд" бўлиб қолган бўлса". Шу суҳбатдан кейин кузатиб кўрдим, деҳқончилик, айниқса, томорқадан даромад олиш ривожланган ҳудудларда кимёвий ўғит қўшмасдан маҳсулот етиштирадиган деҳқонни топиш амримаҳол экан.
Энг катта муаммомиз эса ерлар ҳам аллақачон танишим айтганидек кимёвий ўғитларга ўрганиб қолганида. Аслида бу муаммо бутун дунёда мавжуд бўлиб, олимлар йил сайин кимёвий препаратлардан биологик ўғит ва қўшимчаларга ўтиш устида тажрибалар ўтказмоқда. Жаҳон бозорида биологик маҳсулотларга талаб ҳам ошиб бормоқда.
Эндиликда зараркунандалар тури ҳам кўпайиб кетди. Биргина картошка етиштиришда ўғитлардан ташқари уч-тўрт марта турли ҳашаротлар учун ҳам кимёвий дорилар ишлатишга тўғри келади. Ўзим бир марта ана шу дориларни ҳимоя ниқобисиз сепиб, уч кун ошқозоним қайнаб юрганман. Аммо ноилож – уларсиз картошка зараркунандага ем бўлади.
Ана шу "ноилож" деган фикрим шу йил ўзгарди. Бундан бир неча ой олдин вилоят ҳокимининг қабулида Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркорлардан бирининг ҳокимга мурожаатига гувоҳ бўлдим. Тадбиркор Меҳрожиддин Мухторов вилоят раҳбарига биоўғитлар ишлаб чиқариш, биогаз ускунаси ясаш, метан газ ишлаб чиқариш билан шуғулланиши, айни вақтда ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш учун жой муаммо бўлаётганини маълум қилди. Тадбиркорнинг ушбу фаолияти вилоят ҳокимига ҳам маъқул келиб, тезда муаммони бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқ берди.
Шу куни тадбиркор билан суҳбатлашиб билдикки, ҳеч қандай кимёвий қўшимчаларсиз ҳам ерни тиклаш, юқори ҳосилдорликка эришиш мумкин экан. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, батафсил суҳбатлашиш учун яна Меҳрожиддин Мухторов билан учрашдик.
Самарқанд шаҳридаги "Агро БИО СМЕС СЕРВИС" МЧЖ корхонаси раҳбари Меҳрожиддин Мухторов дунё миқёсида мева ва сабзавотларни етиштиришда, зараркунандаларга қарши курашишда кимёвий препаратлардан фойдаланилаётганлигидан ташвишда. Чунки кимёвий усулларда парваришланган мақсулотлар инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис у бир неча йилдан буён биологик ўғит ва препаратларни кашф қилиш устида изланади.
– Мен ўзим ҳам бутун дунёда қишлоқ хўжалигида ҳаддан ташқари кимёвий ўғитлар ишлатилишидан ташвишдаман, – дейди М.Мухторов. – Бу препаратлар бир томондан ўсимликларга фойда берса, иккинчи томонлама зарар келтиради. Ҳатто зараркунандаларга қарши ишлатилган тақдирда ҳам токсинлар маълум миқдорда ўсимликка сингиб кетади. Бу эса охир-оқибат киши саломатлигига таъсир ўтказади. Биз ихтиро қилган ўғит деҳқончилик, боғдорчилик экинларини ўстиришда, экологик тоза, зарарсиз маҳсулот етиштиришда қўлланилади. Мазкур ўғит ерларга ишлов беришда, "ИСО" (оҳак, олтингугурт қайнатмаси) препарати эса зараркунандаларга қарши курашишда қўл келади. Биз препаратларимизни ўсимликларда учрайдиган ўргамчаккана ва занг касалликларига қарши қўллаганимизда ижобий натижалар бермоқда.
Бугун Самарқанд шаҳрининг мафтункорлигини ҳар қадамда яшнаб турган яшил майсазорларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Билсак, шаҳардаги аксарият яшил майдонлар айнан М.Мухторов ихтиро қилган табиий биоўғитлар билан озиқлантириларкан.
– Аввал ушбу майсазорларни биоўғит билан синов тариқасида озиқлантирдик, – дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош агрономи Адҳам Холиқов. – Сарғайиб, кучсизланиб қолган майсалар қисқа вақт ичида яшнай бошлади. Шундан сўнг тадбиркор билан шартнома имзоладик. Асосий майдонларимизга ҳозирда айнан М.Мухторов ишлаб чиқараётган биоўғитлардан фойдаланилади. Ўғит дарахтларга ишлов беришда ҳам яхши самара беришини кузатдик. Куз ва баҳор ойларида барча манзарали дарахтларга ҳам ишлов беришга келишиб олдик.
Тадбиркор биоўғит тайёрлашда асосан турли органик чиқиндилар, чорва гўнгидан фойдаланади. Яна бир яхши томони шундаки, табиат учун энг зарарли бўлган чинор хазони ҳам ишлатилади. Натижада атмосферага турли зарарли газлар чиқаришнинг олди олинади. Янаям яхши томони биоўғит тайёрлаш жараёнида метан гази ишлаб чиқарилади.
Бугунги кунда Меҳрожиддин аканинг ўғли Сирожиддин Тошкент давлат аграр университетида фаолият юритмоқда. У қишлоқ хўжалигида биологик ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўлида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.