Эскича услуб билан янги тартиб ўрнатолмаймиз

Тўйлар ҳақидаги мавзу доим долзарб муҳокамаларга сабаб бўлади-ю, яна тутаб-тутаб ўт олмаган чўғдай сўниб қолади. Пандемия шароитида кўпчилик ихчам тўйларга кўниккан бўлса-да, дабдабабозлик яна авж ола бошлади.
Хўш, сабаб нима?
Ҳар бир муаммони ҳал қилиш учун унинг сабабларини чуқур ўрганиш лозим бўлади. Аслида тўйлар билан боғлиқ ҳолатда ўрганиш ҳам шарт эмас. Чунки бу йиллар давомида қонимизга сингган иллатлардан. Дабдаба билан обрўни ўлчаш, исрофгарчиликлар эвазига ўзимизни кўз-кўз қилишдан бошқа эмас, менимча.
Илдизлар қаерда?
Биринчидан, Сенат ва Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган тартиб ҳалиям кучда экан, унинг ижроси назоратига масъуллар аввало тўйларни ихчамлаштиришни ўзларидан, ўз оилалари, ўз қариндошларидан бошлаши керак. Ўзи дабдаба-ю асъаса билан фарзандига тўй қилса, қандай қилиб қолганларга бориб “насиҳат” қилиши мумкин?
Иккинчидан, таъсирчан жамоатчилик назорати бу йўналишда деярли сезилмайди. Бу борада ўз сўзини айта олиши керак бўлган маҳалла раислари кўп ҳолатларда жараённинг томошабини бўлиб туради, холос.
Нималар қилиш мумкин?
Биринчидан, тўй ўзбекчиликда жуда кутиладиган ва одамларимиз ҳаётида муҳим ҳисобланган тадбир ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, бу борадаги тартиб-қоидаларга амал қилмаганларга жавобгарлик чоралари ҳам бўлиши керак. Афсуски, ҳозир бу йўқ.
Иккинчидан, тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил қилиш лозим. Бунда анъанавий катталарнинг панд-насиҳати сифатида эмас, балки ёшлар умуман жамият фаол фойдаланаётган ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбаларда видеороликлар, қисқа метражли фильмлар каби форматларда контентларни жойлаб, алоҳида пиар-юришлар амалга оширилиши керак.
Бир сўз билан айтганда, эскича усуллар билан қон-қонимизга сингиб кетган одатлардан воз кеча олмаймиз.
Элёр Ҳамроев,
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати.