Европа Иттифоқи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли Россияга қарши санкциялар жорий этилишини тасдиқлади

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари россиялик мухолифатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли Россияга қарши жорий этиладиган санкциялар тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу маълумотни ЕИнинг ташқи ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррель тасдиқлади. Бу ҳақда Lenta.ru нашри хабар берди.

Яқин кунларда иттифоқнинг техник бўлинмалари жараённи якунлашни бошлайдилар. Боррель айнан қандай қарор қабул қилинганига ойдинлик киритмади, бироқ йиғилишнинг барча иштирокчилари уни маъқуллаганини таъкидлади.

“Биз Россиядаги фуқаролик жамияти, ҳуқуқ ҳимоячиларига бериладиган ёрдамни кучайтиришимиз, халқларимиз ўртасида кўприклар қуришда давом этишимиз керак”, деди ЕИ вакили.

Шунингдек, у санкциялар Брюссель ва Москва ўртасидаги ҳамкорликка таъсир этмаслиги кераклигини таъкидлади. Хусусан, унинг сўзларига кўра, бу Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этишга тўсқинлик қилмаслиги зарур.