Европа Иттифоқи раҳбарлари Туркияга қарши санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқиши мумкин

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари раҳбарлари декабрь ойида бўлиб ўтадиган саммитда Анқаранинг Шарқий Ўрта Ер денгизидаги ҳаракатлари сабабли Туркияга нисбатан санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда 19 ноябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

“Афсуски, ҳар сафар янги фитнали хатти-ҳаракатлар кузатилади. Шу сабабли барчаси Туркиянинг қўлида. Агар декабрга қадар Туркиядан ижобий сигнал бўлмаса, Эрдўғаннинг Шимолий Кипрга ташрифи каби хатти-ҳаракатлар кўзатилса, у ҳолда ўта оғир музокарлар бўлади (Европа Иттифоқи раҳбарларининг декабрдаги саммитида)”, дея таъкидлади Маас ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан олдин.

Унинг сўзларига кўра, Туркия ва Греция ўртасидаги Кипр муаммосини ҳал қилишга уринишлар ҳозирча Европа кутган натижага олиб келмаган. Анқарага нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинми, деган саволга Маас ЕИда бу масала илгари ҳам кўтарилганини маълум қилди.

“Агар Туркияга нисбатан ижобий ўзгаришлар бўлмаса, унда декабрь ойидаги ЕИ кенгашида бу мавзу (санкциялар мавзуси) яна кўтарилади”, деб таъкидлади Маас.

15 ноябрь куни Туркия президенти Шимолий Кипрга, яъни яқинда Фамагуста ҳудудида очилган Вароша кварталига ташриф буюрди. Греция ва Кипр Республикаси буни “мисли кўрилмаган фитнали ҳаракат”, деб баҳолади.

Вароша сайёҳлик квартали 1974 йилда Туркия армияси томонидан Кипрнинг бир қисми босиб олинганидан сўнг ёпилган эди. Вароша БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1984 йилги резолюцияси билан ҳимояланган.