Европа иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишини маъқуллади

Бу ҳақда РИА Новости маълум қилди.

Маълум қилинишича, Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг доимий вакиллари қўмитаси (COREPER) индивидуал санкциялар рўйхатини кенгайтириш жараёнини бошлаган. Янги санкциялар Қрим кўприги қурилиши сабабли икки киши ва тўртта компанияга қарши жорий этилиши мумкин.

РИА Новости суҳбатдоши сўз якуний қарор ҳақида эмас, ёзма жараён бошланганлиги ҳақида бораётганлигини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, якуний қарор кейинроқ эълон қилинади.

COREPER Россияга қарши янги чоралар жорий этиши мумкинлиги ҳақида 25 сентябрь куни маълум бўлди. ЕИ Россияни “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишда” айбламоқда.

2014 йилда Қрим Россия таркибига ўтганидан сўнг Москва ва Брюссель ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушди.